UEFA “Ювентус” устидан тергов бошлади
Спорт
−
18 Октябрь 1542 1 дақиқа
Италиянинг “Ювентус” клуби UEFA томонидан молиявий фейр-плей (FFP) қоидаларини бузганликда гумонланиб, расмий текширув остига олинди. Текширув 2022–2025 йиллар оралиғидаги молиявий даврни қамраб олади. Бу ҳақда “Sky sport” нашри хабар берди.
UEFA текшируви “Ювентус”нинг футбол даромадлари қоидаларини бузган-бузмаганини аниқлашга қаратилган бўлиб, жараён натижасида клубга нисбатан молиявий жарима ёки спорт чекловлари (жумладан, UEFA мусобақаларида янги футболчиларни рўйхатга олиш тақиғи) қўлланилиши мумкин.
Турин клуби баёнотига кўра, UEFA 2022–2025 йиллар оралиғида раҳбарият томонидан футболдан олинадиган даромад (Financial Fair Play) қоидаларини бузиш ҳолатларини текшириш учун 18 сентябрь куни расмий тергов бошлаган. Ташкилот қарори келаси йил баҳорида эълон қилиниши кутилмоқда.
Ҳозирда А Серияда олти ўйиндан сўнг 12 очко билан бешинчи ўринда бораётган “Ювентус” уч ғалаба ва уч дуранг билан мавсумни бошлаган. Клуб сўнгги йилда 58 миллион евро молиявий зарар қайд этган.
Маълумот учун, “Ювентус” охирги марта соф фойда ҳақида 2016-2017 йилги мавсумда хабар берган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испания суди Антуан Гризманнинг 2019 йилда “Барселона”га ўтиши жараёнида икки қоидабузарлик белгилари мавжудлигини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.