UEFA’нинг барча жамоалари FIFA турнирларини бойкот қилишини эълон қилди
Спорт
−
09:58 1055 3 дақиқа
Европа футбол иттифоқи (UEFA)га аъзо миллий ассоциациялар Халқаро футбол федерацияси (FIFA)нинг баҳсли режаларига қарши чиқиб, ушбу ташаббус бекор қилинмагунча ташкилотнинг барча мусобақаларини бойкот қилишини эълон қилди. Бу ҳақда UEFA расмий саҳифасида хабар берди.
Аввалроқ, FIFA Жаҳон чемпионати ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Маълумотларга кўра, лойиҳа ташаббускорлари АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти вакиллари билан маслаҳатлашган. Янги компания аёллар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳамда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ҳам бошқариши мумкин.
UEFA эса бу ташаббусга дарҳол қарши чиққан. Энди эса ташкилотга аъзо бўлган барча 55 миллий ассоциация имзолаган қўшма баёнот эълон қилинди. Улар қаторида Қозоғистон футбол федерацияси ҳам бор.
“Биз FIFA’нинг Жаҳон чемпионати ва бошқа FIFA мусобақаларига эгалик ҳуқуқини хусусий инвесторларга ўтказиш таклифини бир овоздан ва қатъий равишда рад этамиз.
Жаҳон чемпионатини инвестиция маҳсулоти сифатида кўриб бўлмайди. Бу футболнинг энг буюк спорт меросларидан бири бўлиб, уни авлодлар давомида барча қитъалардан келган футболчилар, терма жамоалар ва мухлислар яратган. Унинг бирор қисми ҳам хусусий инвесторларга берилиши мумкин эмас. Жаҳон чемпионати сотилмайди”, дейилади баёнотда.
UEFA, шунингдек, бундай муҳим ташаббуснинг футболни бошқариш учун масъул томонлар билан етарлича маслаҳатлашмасдан ва махфий тарзда тайёрланганини кескин танқид қилди.
“Бу шунчаки бошқарувдаги жиддий хато эмас, балки FIFA’нинг жаҳон футболи ҳомийси сифатидаги масъулиятидан воз кечишидир“, дея таъкидлади UEFA.
Баёнотда қайд этилишича, миллий футбол ассоциациялари амалда танловсиз қолмоқда: ё таклифни қабул қилиш, ёки салбий оқибатларга дуч келиш. UEFA бу ҳолатни демократик тамойилларга зид бўлган “қўрқитиш сиёсати” деб баҳолади.
Ташкилотнинг фикрича, агар ташқи инвесторлар FIFA мусобақаларида мулк улушига эга бўлса, жаҳон футболи тубдан ўзгаради.
UEFA бундай бошқарув модели жаҳон футболида ўрин олмаслиги кераклигини таъкидлади.
“Футбол келажагини асосий мақсади молиявий фойдани ошириш бўлган инвесторлар белгиламаслиги лозим. Миллий ассоциациялар, лигалар, клублар, футболчилар ва мухлислар манфаатлари ҳам молиявий фойдага бўйсундирилмаслиги керак. Футбол ўз келажагини молиявий манфаат эвазига гаровга қўймаслиги лозим”, дейилади баёнотда.
UEFA Европа позицияси аниқ эканини таъкидлаб, баҳсли ислоҳот тўлиқ бекор қилинмагунча ва бундай ғоя қайта кўриб чиқилмаслигига кафолат берилмагунча FIFA мусобақаларини бойкот қилишга тайёрлигини маълум қилди.
“Ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак: UEFA ва унинг миллий ассоциациялари бу режаларга қатъий қарши. Баъзида ташкилотлар улар қабул қиладиган қарорлар билан эмас, балки қандай муросалардан воз кечиши билан баҳоланади. Бу айнан шундай ҳолат.
Айрим қадриятлар сотилмайди. FIFA Жаҳон чемпионати бутун футбол жамоатчилигига тегишли. У доимо шундай бўлиб қолади. Европа ўз сўзини айта олар экан, у ҳеч қачон сотилмайди”, дея хулоса қилди UEFA.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа футболи раҳбарлари Франциянинг “Пари Сен-Жермен” клуби президенти Носир Ал-Хелайфийни 2027 йилда бўлиб ўтадиган FIFA президентлиги сайловида номзод сифатида кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди. Амалдаги президент Жанни Инфантино эса яна тўрт йиллик муддатга сайланишни режалаштирмоқда.
Live
Барчаси