Учта кемага Украина портларига киришга рухсат берилди

Олам 4701
image

Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш маркази кеча, 18 август куни уч кеманинг Украина портларига жўнашини маъқуллади. Бу ҳақда марказ баёнотида айтилади.

"I Maria кемаси бугун, 19 август куни Черноморскдан Истанбулга 27 982 тонна маккажўхори билан жўнаб кетди. Қўшма мувофиқлаштирувчи марказ кеча учта кемага жўнаб кетишга рухсат берди: MV Canga Star ва MV Pretty Lady  Черноморскка ҳамда MV BELLIS Одессага", дейилади баёнотда. 

Қайд этилишича, марказ кеча олтита кемани текширишни якунлаган: Aviva, Ascanios, Sea Eagle ва Zhe Hai 505 [улар ҳам Украина портларига] жўнайди, Osprey S ва Bonita эса [Украина портларидан] йўлга чиқади.

Қўшма мувофиқлаштириш маркази вакиллари бугун, 19 август куни саккизта кемани текширади. Истанбул келишувлари доирасида ишлаб чиқарилган дон ва озиқ-овқат экспортининг умумий ҳажми 625 минг 49 тоннани ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×