Учинчи кун Сочида қолаётган Лукашенко Путин билан нималарни сирлашди?
Олам
−
29 Май 2021
7284Кеча, 28 май куни Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Россия Президенти Владимир Путин билан Сочида учрашгани ҳақида хабар берган эдик. Россиянинг Краснодар ўлкасига келган Лукашенко Путин билан беш соатдан кўпроқ суҳбатлашиб, қолишга қарор қилди. У эртага ҳам Сочида бўлади.
Бугун, 29 май куни ҳам музокаралар давом этмоқда. Унинг тафсилотлари тўғрисида Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков гапириб берди.
Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Президент Путин 23 май куни қўндирилган “Ryanair” самолёти ва унинг бортида бўлган кейинроқ ҳибсга олинган россиялик Софьи Сапеги масаласини кўтарди. У Nexta Telegram каналининг асосчиси Роман Протасевичнинг яхши кўрган қизи. Қиз икки ойга ҳибсга олинган.
Маълум қилинишича, Кремль россиялик Софьи Сапегининг тақдирига бефарқ эмас. Шу билан бирга, Сапегининг Беларусда яшаш учун рухсатномаси борлиги эслаб ўтилган. Путин Ташқи ишлар вазирлигига “Россия фуқароси ишини ўта эҳтиёткорлик билан кузатишни” топширган.
Хабарга кўра, Беларусь томони Москвага лайнернинг Минскка қўниши тўғрисида барча маълумотларни тақдим этган ва агар керак бўлса, қўшимча саволларга жавоб беришга тайёр эканини маълум қилган.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва пандемияга қарши курашни муҳокама қилган. Суҳбат чоғида 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Беларусь учун кредитнинг иккинчи қисми “яқин келажакда” манзилга етиб бориши айтилган.
Маълумот учун, 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга қўндирилди.
Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган. Расмийлар бундай фавқулодда ҳаракатга самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабарни сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик, бу хабар ўз тасдиғини топмади.
Маълум бўлишича ушбу самолёт бортида бомба эмас, Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.
Нега журналист Протасевич Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган?
Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган Nexta Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.
Қайд этиш керакки, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган.
Протасевич эса Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (бу учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “гуруҳ бўлиб жамоат тартибини қўпол равишда бузганлик”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин) айбланмоқда.
Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этиш бўйича жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).
“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди.
Европанинг Франциянинг “Air France”, Латвиянинг “airBaltic” Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг “Wizz Air”, Германиянинг "Lufthansa", Финляндиянинг "Finnair" авиакомпанияси Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь