Путин Лукашенкога бирга чўмилишни таклиф қилди (видео)
Олам
−
28 Май 2021
11231Бугун, 28 май куни Россия Президенти Владимир Путин Беларусь раҳбари Александр Лукашенкога бирга чўмилишни таклиф қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” ёзмоқда.
Хабарга кўра, Президент Путин Беларусь раҳбарига Сочида ҳаво яхшилигини айтиб, унга денгизда бирга чўмилишни таклиф қилган.
“Кўриб турганингиздек, Сочида об-ҳаво яхши. Денгизда чўмилишимиз мумкин. Ҳаво ҳам борган сари илиқ бўлиб боряпти. Ўйлайманки, бу ҳам икки ўртадаги учрашувимизнинг натижаларига ўз ҳиссасини қўшади”, дейди Путин.
Бунга жавобан, Александр Лукашенко “бажонидил” ушбу таклифни қабул қилишини айтган.
Бундан ташқари, Сочидаги ушбу музокаралар вақтида Беларусь Президенти Россия раҳбарига “Ryanair” авиакомпаниясининг парвози билан боғлиқ вазиятга оид “баъзи ҳужжатларни” намойиш этиш ниятида эканини айтган.
Унинг сўзларига кўра, ушбу воқеалар Беларусдаги вазиятни беқарорлаштириш ва ҳолатни ўтган йилдаги “август воқеалари”гача олиб боришдек кўринмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили август ойида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловлари намойишларга айланиб кетиб, мамлакатдаги сиёсий беқарорлик бир неча ойлаб давом этган эди.
“Ryanair” билан боғлиқ ҳолатга келадиган бўлсак, 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга қўндирилди.
Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган. Расмийлар бундай фавқулодда ҳаракатга самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабарни сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик, бу хабар ўз тасдиғини топмади.
Маълум бўлишича ушбу самолёт бортида бомба эмас, Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.
Нега журналист Протасевич Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган?
Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган Nexta Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.
Қайд этиш керакки, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган.
Протасевич эса Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (бу учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “гуруҳ бўлиб жамоат тартибини қўпол равишда бузганлик”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин) айбланмоқда.
Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этиш бўйича жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).
“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди.
Европанинг Франциянинг “Air France”, Латвиянинг “airBaltic” Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг “Wizz Air”, Германиянинг "Lufthansa", Финляндиянинг "Finnair" авиакомпанияси Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь