Уч вилоятда 1 млрд сўмдан зиёд электр энергияси ўғирланди
3-саҳифа
−
13 Сентябрь 2023
6788Учта вилоятда 1 млрд 36 млн 354 минг сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, масъул ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда Сирдарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ўтказилган назорат тадбирларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган. Хусусан:
- Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “И.Т.” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси электр тармоғига ноқонуний уланиб, давлат манфаатларига 783 млн 516 минг сўм;
- Сурхондарё вилояти Термиз туманида фаолият юритиб келаётган “С.А.Ф.” МЧЖга қарашли иссиқхонанинг электр ҳисоблагичи нотўғри уланганлиги натижасида давлат манфаатларига 133 млн 920 минг сўм;
- Фарғона вилояти Ёзёвон туманида фуқаро А.Х.га тегишли чорва хўжалиги электр тармоғига ноқонуний уланиб олганлиги сабабли давлат манфаатларига 118 млн 918 минг сўм зарар етказилган.
Жами ўғирланган электр энергияси қиймати 1 млрд 36 млн 354 минг сўмга етган.
“Аниқланган ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди”, дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, ушбу ҳажмдаги электр энергияси 11 514 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг.
LiveБарчаси