“У ерда афғонлар бўлмаган”. Байденнинг Афғонистон пулларини тарқатиш қарори танқидларга сабаб бўлди

Олам

image

Аввалроқ, АҚШ Президенти Жозеф Байден Афғонистоннинг “Толибон” қўлига ўтиши ортидан мамлакатнинг музлатилган пулларини қайтариш ҳақидаги ҳужжатга имзо чекканди.  

Унга кўра, АҚШ томонидан музлатилган пуллардан ажратилаётган 7 миллиард доллар атрофидаги маблағнинг ярми очарчиликдан азият чекаётган афғон ҳалқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун ажратилади.

Қолган ярми эса, 2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркда уюштирилган 9/11 террористик ҳужум оқибатида қурбон бўлган америкаликларнинг оила аъзоларига компенсация тариқасида тарқатилади.

Бироқ Байденнинг ушбу қарори кўплаб таниқли блогер ва журналистларнинг танқидига сабаб бўлмоқда. Улар ижтимоий тармоқларда танқидий фикрларини баён қиляпти. Қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз: 

Британия-Америка сиёсий журналисти Меҳди Ҳасан:

“Бу қанчалик ғалати эканлигини сўз билан тасвирлаб бера олмайман. Афғонлар очликдан ўлмоқда, бу ҳаммаси “уларнинг” пули. 11 сентябрда ўша 4 та самолётнинг бирортасида ҳам афғон бўлмаган. 15 нафар Саудия Арабистони, шунингдек, Миср, Амирликлар, Ливан фуқаролари бўлган. Агар керак бўлса, ўша мамлакатлардан пул олинг”.

Американинг MSNBC телеканали бошловчиси Айман:

“Буни 11 сентябрда Америкага ҳужум қилган 19 нафар ўғридан бошқа ким эшитиши кераклигини билмайман. У ерда афғонлар йўқ эди. Улардан 15 нафари Саудия Арабистони, 2 нафари Амирликлар, 1 нафари Миср ва 1 нафари Ливан фуқароси эди. Режалаштирганми? У саудиялик эди. Бу мамлакатларнинг ҳеч бири бир тийин ҳам тўламаган, аммо негадир камбағал афғонлар энди тўлаши керак”.

“The Intercept” Америка нотижорат янгиликлар ташкилоти мухбири Муртаза Ҳуссайн:

“Бу ҳақиқат эканлигига ишонмасдим, лекин пресс-релиз бор. Байден маъмурияти Афғонистоннинг молиявий захираларини самарали равишда мусодара қилмоқда. Агар Трамп (АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп — таҳр.) буни қилганда, бу унинг бутун президентлик даврида қилган энг ғазабли ва ёвуз ташқи сиёсати бўлар эди. Деярли тушунарсиз”.

2021 йил август ойида Афғонистонда бошқарув “Толибон” томонидан эгаллаб олиниши ортидан, халқаро ташкилотлар ва молия жамғармалари Афғонистонга тегишли бўлган 10 миллард АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни музлатиб қўйган. Ушбу маблағларнинг 7 миллард доллар атрофидаги қисми АҚШда сақланаётган эди.

Ҳокимият тепасига келган “Толибон” АҚШ ва халқаро ташкилотлардан Афғонистоннинг музлатилган пулларини афғон халқига қайтаришни талаб қилиб келяпти. “Толибон” пулларни қайтариш ва афғон халқига кўрсатиб келинган гуманитар ёрдамларни яна қайта йўлга қўйиш борасида БМТ ва АҚШ ҳукумати билан бир неча бор музокаралар олиб борган. 

БМТга кўра, 2022 йилда мамлакатнинг 95 фоиз аҳолиси жиддий очарчиликни бошидан кечириши тахмин қилинмоқда. 

Маълумот ўрнида, 2001 йилнинг 11 сентябрь куни АҚШда бир қатор террорчилик ҳаракатлари амалга оширилган. Бунинг ортида эса “Ал-Қоида” турган эди. Ўша пайтда Афғонистонни бошқараётган “Толибон” “Aл-Қоида”нинг раҳбари Усама бен Лоденга мамлакатда бошпана берган ва уни Ғарб кучларига топширишдан бош тортганди. Бунга АҚШ бошчилигидаги НАТО кучлари 20 йиллик Афғонистондаги уруш билан жавоб қайтарди: 2001 йилда “Толибон”ни ҳокимиятдан ағдарди, 2011 йилда Усама бен Лоденни йўқ қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Байден

Баҳолаганлар

286

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг