У ҳақ бўлган экан – Лола Каримова отасини хотирлади

Жамият

image

Бир неча кундан сўнг – 2 сентябрь санасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафотига 7 йил тўлади. Шу муносабат билан унинг кенжа қизи Лола Каримова – Тилляева отаси ва у билан ўтган хотираларни эслади, Каримовнинг ўрни унинг ҳаётида ҳануз билинишини, уни ҳали ҳам соғинишини ёзди.  

“Сўнги йилларда отам оламдан ўтган кун яқинлашар экан, хотира, тушлар ва фикрлар тўлқини мени қамраб олади. Ушбу монологда болаларча соғинч ҳисси, ўтмишда қолган ўзаро суҳбатларимизни қўмсаш туйғуси ўз ифодасини топади.

Болалигимда отам мени “кичик файласуф” деб атар эдилар ва ўша даврда мен бу сўзнинг маъносини тушунмасам-да, бу жуда қизиқарли ва муҳим нарса эканини сезардим. Улғайганим сари ушбу сўзлар йиллар давомида шаклланган қизиқишларимнинг энг тўғри таърифи эканлигини англадим. Отам ҳамиша нарсалар, инсонлар ва ҳодисаларнинг моҳиятини тушуна оларди.

Мен у билан суҳбатлашишни ёқтирардим, айниқса, сўнгги йилларда. Фарзанд ўлароқ катта ҳаёт йўлини босиб ўтган отамнинг сўзларини англашга интилганим – суҳбатларимизни соғинаман. Агар ҳозирда саволларимга унинг жавобларини эшитиш имкони бўлганда – бу жуда ёрдам берар ва мен учун бебаҳо неъмат бўларди. Бизнинг камдан-кам, аммо ниҳоятда мазмунли суҳбатларимиз менга танқидий фикрлашнинг аҳамиятини тушунишни, шахсий ҳис-туйғуларни реалликдан ажрата билишни ўргатди. Мен ҳар қандай мураккаб вазиятни четдан кўра билиш қанчалик муҳимлигини тушунишда ёрдам бергани учун отамдан миннатдорман. Бу хислат инсонга ҳиссиётларини бошқаришга ёрдам беради, хотиржамлик ва ишонч туйғусини бахш этади.

Унинг кўпгина, бир пайтлар тушунарсиз бўлиб туюлган сўзлари, бугун мен учун ўзгача намоён бўлмоқда. Деярли ҳар куни, “У ҳақ бўлган экан”, деган фикр хаёлимдан ўтади.

Биз отам билан ҳозирда турли оламлардамиз ва боғланишининг иложи бўлмаган икки абонент каби бир-биримиз билан алоқага чиқолмаймиз. Шунга қарамай, мен ўзимнинг хаёлий суҳбатларимда баъзан унинг жавобларини эшитишимни ҳис қиламан”, деб ёзган Лола Каримова.

Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён қатор жиноятларда айбланиб, қамоқда сақланмоқда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. Лола Каримова АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.

Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республика жамоат фонди фаолиятини юритишда бош-қош.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова Ислом Каримов Татьяна Каримова Лола Каримова Биринчи Президент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг