Туркманистонда сўнгги 45 йилда ҳарорат рекорд даражага етди
World
−
10:43 741 2 minutes
Туркманистонда сўнгги 45 йил давомида ўртача ҳарорат 1,6 даражага ошди. Бу ҳақда “Turkmenportal” хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий Осиё иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашишда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Хусусан, иқлим ўзгаришининг сув билан боғлиқ офатларга таъсири минтақадаги асосий таҳдидлардан бири сифатида баҳоланган.
Сўнгги 45 йилда Қирғизистонда ҳарорат 1 даража, Қозоғистон ва Ўзбекистонда 1,4 даража, Тожикистонда эса 0,7 даражага ошган.
Глобал исишнинг минтақадаги энг жиддий оқибатларидан бири – музликларнинг эриши ва улар ўрнида музлик кўлларининг пайдо бўлиши. Ҳозирда Марказий Осиёда музликлар ҳажми йилига 0,2 – 1 фоизга қисқармоқда.
Музликларнинг эриши натижасида музлик кўлларининг пайдо бўлиши уларнинг ёрилиб кетиши ортидан сел ва сув тошқинлари хавфини оширмоқда. Бу эса тоғли ҳудудлардаги аҳоли, инфратузилма ва дарё водийларида жойлашган объектларга таҳдид солади.
Маълумотларга кўра, сел, сув тошқинлари ва тошқинлар Марказий Осиёдаги иккинчи энг катта хавф ҳисобланади. Айниқса, минтақанинг энг йирик трансчегаравий дарёлари – Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида бундай табиий офатлар тез-тез кузатилади.
2005 йилдан буён сув сатҳи юқори бўлган йиллар сони 1,2–1,4 бараварга, ҳаддан ташқари юқори сув сатҳи кузатилган йиллар эса 2–2,5 бараварга кўпайган.
Шунингдек, сўнгги ўн йилликларда селлар сони ҳам ортган. Мутахассислар селлар такрорланишини ёғингарчилик кўп ва қуруқ йиллар алмашинуви билан боғлиқ эканини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жорий йилнинг июль ойида ҳаво ҳарорати 45,2 даражагача кўтарилиб, 111 йил аввал ўрнатилган рекорд янгилангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All