Туркманистонда мамлакат тарихидаги биринчи ғалаба паради бўлиб ўтди (фото+видео)
Олам
−
11 Май 2020
12194Жорий йилнинг 9 май куни Туркманистон пойтахтида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига ҳарбий парад бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Хроники Туркменистана" нашри хабар берди.
Таъкидланишича, кун аввалида Президент Гурбангули Бердимуҳамедов, ҳукумат аъзолари, фахрийлар ва дипломатлар Абадий оловга гулчамбар қўйди. Шундан сўнг, Туркманистон раҳбари ва Ашхободга келган Россия мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-полковник Александр Фомин билан учрашуви бўлиб ўтди.
Фомин Бердимуҳамедовга Президентнинг бобоси Бердимуҳамед Аннаев жанг қилган 2-Украина фронти 206-пиёда дивизияси 748-пиёда полкининг жанговар байроғини топширди.
Кечқурун "Халқ хотираси" ёдгорлик мажмуасида Иккинчи Жаҳон урушидан қурол-аслаҳалар намойиш этилган ҳарбий парад бўлиб ўтди.
"Туркманистон минглаб жасур ўғил ва қизларини Ватан озодлиги учун қонли жангга юбориб, фронтга зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарган ҳолда ғалабага муносиб ҳисса қўшди", дейди Бердимуҳамедов.
У Туркманистондан келган 70 мингдан ортиқ жангчи орден ва медаллар билан тақдирланганлигини, улардан 104 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлганини ва 15 киши "Шон-шараф" ордени эгаларига айланганини эслади.
Нашрнинг таъкидлашича, бу Ғалаба куни шарафига Туркманистон тарихидаги биринчи ҳарбий парад. Илгари парадлар фақат Мустақиллик кунида ўтказилган. Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб мамлакатда 9 май дам олиш куни эмас.
Россия дипломати Евгений Белоглазовнинг сўзларига кўра, Туркманистон улкан инсоний ва моддий ресурсларни сафарбар этиш орқали Ғалабага катта ҳисса қўшган.
"Тасаввурни ҳайратга соладиган фактлар мавжуд: уруш йилларида туркман аёллари мудофаа фондига қарийб 7,5 тонна олтин ва кумуш заргарлик буюмларини хайрия қилдилар, бу бутун мамлакат бўйлаб йиғилган барча қимматбаҳо металларнинг 80 фоизини ташкил этди. 1 миллион 250 минг киши урушга юборилган. Бу ақлга сиғмайдиган ҳақиқат, жуда кўп нарсага арзийди ", дейди дипломат.
Туркманистон расмийларига кўра, мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Бу борада ўзини изоляция қилишнинг йўқлиги тантанали тадбирларни чекловларсиз ўтказишга имкон беради.
LiveБарчаси