Туркманистонда қўл ушлашиб юрган жуфтликларни қўлга олиш бошланди

Олам

image

Туркманистоннинг Мари шаҳрида ўнлаб жуфтликлар жамоат жойларида қўл ушлашиб юргани учун қўлга олинди. Бу ҳақда “Медуза” ёзмоқда.  

Полиция ҳибсга олинганларни “анъанавий ижтимоий меъёрларни” бузганликда айблаган. Улар полиция бўлимига кишанланган ҳолда олиб келинган. Ҳибсга олинганлар келажакда ўз ҳис-туйғуларини ошкора кўрсатмаслик ваъдаларига имзо чекканлари учун қўйиб юборилган. Полиция ходимлари уларга қоидабузарликлар такрорланган тақдирда “жиддий муаммоларни” ваъда қилган. Таъкидланишича, Туркманистонда қўл ушлашиш расман тақиқланмаган. 

Сардор Бердимуҳамедов ҳокимиятга келганидан сўнг Туркманистонда аҳолининг, айниқса аёлларнинг хулқ-атвори ва ташқи кўриниши устидан назорат сезиларли даражада оширилган. Апрель ойидан бошлаб мамлакатда лаб катталаштириш ёки татуаж қилдириш каби баъзи косметик операцияларга тақиқ жорий этилган.  

Давлат корхоналари ходимлари ишдан бўшатиш таҳдиди остида косметикадан воз кечиш тўғрисида тилхат ёзишга мажбур бўлган. Мактабларда юқори синф ўқувчилари билан маникюр ва педикюрга йўл қўйилмаслиги ҳақида “тушунтириш суҳбатлари” ўтказилган. 

Бундан ташқари, расмийлар аёлларга автомобилнинг олд ўриндиғига ўтиришни тақиқлаган. Ҳайдовчиларга ҳам эндиликда қариндошлари бўлмаган аёлларни олиб юришга рухсат берилмайди: йўл ҳаракати полицияси аёллар бўлган жойда машиналарни тўхтатиб, ҳайдовчи билан қариндошлик алоқаларини исботлашни талаб қила бошлаган. 

Ҳукуматга яқин манбаларга кўра, расмийлар аёллар учун саёҳатни тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Шунда улар хорижда даволанишга муҳтож бўлган тақдирдагина Туркманистонни тарк этиши мумкин бўлади. 

Туркманистонда аёлларнинг ташқи кўринишига нисбатан жиддий чекловлар Гурбангули Бердимуҳамедов президентлик даврида ҳам вақти-вақти билан эълон қилинган. Бироқ, уларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат бўлмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркманистон

Баҳолаганлар

614

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг