Туркманистонда Арқадағ шаҳрига пойтахтда ҳам йўқ мақом берилди

Олам

image

Туркманистонда барпо этилаётган янги Аркадағ шаҳри давлат аҳамиятига эга шаҳар мақомини олди. Бу ҳақда бугун, 24 март куни “Нейтральный Туркменистан” расмий газетаси томонидан чоп этилган “Арқадағ шаҳри тўғрисида”ги қонунда айтилган.

“Аркадағ шаҳрига давлат аҳамиятига эга бўлган шаҳар учун алоҳида ҳуқуқий мақом берилди. Аркадағ шаҳрининг ҳуқуқий мақоми Туркманистон Конституциясига асосланади ҳамда ушбу Қонун ва Туркманистоннинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланади”, дейилади ҳужжатда.

Таъкидланишича, Туркманистон Конституциясига кўра, ҳатто мамлакат бош қонунида пойтахт сифатида кўрсатилган Ашхобод шаҳри ҳам давлат аҳамиятига эга эмас.

Қайд этилишича, шаҳарнинг ҳуқуқий мақоми унинг маъмурий-ҳудудий бирлик сифатидаги алоҳида аҳамиятига мувофиқ белгилаб қўйилиб, мамлакат муваффақиятлари, шунингдек, уни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини намойиш этади. Ушбу мақомнинг ўзига хос хусусиятлари ҳужжатда кўрсатилмаган.

Маълумот учун, Туркманистон пойтахтидан 30 км узоқликда жойлашган Аркадағ шаҳрининг қурилиши 2019 йилда туркман халқи миллий етакчиси, Халқ Маслахати (Халқ кенгаши) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуси билан бошланган. Аркадағ ақлли шаҳар тизими асосида бошқарилиши ва Туркманистонда бундай турдаги биринчи объектга айланиши режалаштирилган. Шаҳарда экологик тоза транспорт, ақлли автотураргоҳ, қуёш батареялари мавжуд бўлиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арқадағ шаҳрида Туркманистон миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига “Арқадағ” ҳайкали ўрнатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон Ашхобод Аркадағ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг