“Арқадағ”га янги ҳайкал қўйилди
Олам
−
03 Февраль 2023
13078Туркманистон миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига Ахал вилоятининг янги маъмурий маркази “Арқадағ” шаҳридаги марказий боғда “Арқадағ” ҳайкали ўрнатилди. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни “Нейтральный Туркменистан” хабар берди.
Қайд этилишича, ёдгорликнинг умумий баландлиги 43 метрни ташкил этади. Туркман халқи миллий етакчиси шарафига ўрнатилган 11 метрлик ҳайкалтарошлик композицияси буғдой бошоқлари билан безатилган устун устида жойлашган. Ёдгорлик пойида диаметри 65 м бўлган фаввора ўрнатилган.
Манбага кўра, ёдгорлик муаллифи Туркманистон халқ рассоми Сарагт Бабаев бўлиб, у аввалроқ “Арқадағ”нинг олдинги ҳайкалини ҳам ишлаб чиққан эди. Унда Бердимуҳамедовнинг Ахалтек отини минаётгани тасвирланган. У 24 каратли олтин барг билан қопланган бронзадан ясалган ва 2015 йилда Ашхобод марказида очилган.
Маълумот учун, Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2010 йилдан бери “Арқадағ” унвонига эга. Унинг ташаббуси билан 2019 йилда Туркманистон пойтахтидан 30 км узоқликда Ахал вилоятининг янги маъмурий маркази қурилиши бошланган. Ўтган йилнинг охирида шаҳарга “Арқадағ” номи берилган. Янги шаҳар мамлакатнинг яна бир йирик бизнес ва сармоя марказига айланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 январида республика президенти Сердар Бердимуҳамедов собиқ президентни мамлакат миллий етакчиси деб эълон қилиш тўғрисидаги конституциявий қонунни имзолаган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь