Туркияга яширинган қидирувдаги ўзбекистонликларни қўлга олиш кучайтирилади
Жамият
−
25 Ноябрь
4955Ўзбекистонда қидирувда бўлиб, Туркияга яширинган шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Билдирилишича, сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда тергов ва суддан яширинган айрим шахсларнинг Туркия ҳудудида яширинишга уриниш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар кузатилмоқда.
"Шу билан бирга, Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам тадбирлари доирасида бу каби шахсларга нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириш янада самарали кўринишга эга бўлмоқда", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, биргина 2024 йилнинг 10 ойида жавобгарликдан қутулиш мақсадида йиллар давомида Туркия ҳудудида яшириниб юрган 37 нафар айбланувчилар қўлга олиниб, судлов ҳукмига ҳавола этилган.
"Бундан буён қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилади, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш жадал давом эттирилади, жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади. Қидирувдаги шахслар учун ягона ва энг тўғри йўл – Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига мурожаат қилиш, тергов ва суд процессида қонуний ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиш", дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистонда 2011-2013 йилларда банк-молия хусусий секторида юқори лавозимларда ишлаган, жиноий уюшма ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, ўзгаларнинг мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш, фирибгарлик, сохта тадбиркорлик каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбланиб, 2014 йилдан буён қидирувда бўлган Хатича Мусоевна Жафарова Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинганди.
LiveБарчаси