Туркиядан Сурияга 81 мингдан ортиқ қочқин қайтди

Олам

image

2024 йилнинг 9 декабрида Сурияда ҳукумат ўзгарганидан бери 81 мингдан ортиқ суриялик Туркиядан ўз ватанига қайтди. Бу ҳақда Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Али Ерлиқоя журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Унинг айтишича, 2017 йилдан буён Сурияга 821 минг 529 киши ўз ихтиёри билан қайтган. Сурияликлардан ташқари Туркияда яшаш рухсатига эга 1,06 миллион хорижлик қолмоқда, 190 минг киши эса халқаро ҳимояда.

“Бугунги кунда Туркияда қолаётган 4,1 миллион хорижликдан 2,86 миллион суриялик саналади”, деган у. 

Шунингдек, у 81 вилоятда 270 та мобил миграция автомашиналари ташкил қилингани, у орқали 2023 йил июлидан 2024 йил охиригача 2 миллион 647 минг 963 кишининг шахси текширилгани ҳақида гапирган. 

“Ноқонуний миграцияга қарши курашдаги асосий мақсадимиз унинг мамлакатимиз томон тортишиш кучини яратишига йўл қўймасликдир. Миграция глобал миқёсда масъулият талаб қиладиган масала. Биз, айниқса, қўшниларимиз билан учрашувларимизда ҳамкорликка катта аҳамият берамиз”, дея қўшимча қилган Ерлиқоя. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ал-Жўлоний номи билан танилган Суриянинг янги етакчиси Аҳмад аш-Шара яқин кунларда қўшни Туркияга илк ташрифини амалга ошириши ҳақида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, ушбу ташриф Сурияда инқилоб даврида Туркиянинг мухолифат кучларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдириш рамзи сифатида амалга оширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Туркия қочқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг