Туркиядаги ўзбеклар сайловдан хабардорми?

Жамият

9 июль куни мамлакатда муҳим сиёсий жараён – муддатидан илгари президентлик сайлови бўлиб ўтади. Бир муддат аввал Туркиянинг Истанбул шаҳрида саёҳатда бўлиб қайтган QALAMPIR.UZ жамоаси у ердаги ўзбекларнинг бу жараёндан хабардор ёки йўқлигини билмай қайтмади. 

Чунки Туркияга бораётган ўзбекистонликларнинг катта қисми ҳам айнан Истанбулда қўним топади. Бунда аксарият ёшлар ўқиш истагида борса, аёлларнинг кўпчилиги болалар ва кексалар парвариши билан шуғулланади. Эркаклар эса асосан бозорда тирикчилик қилади. 

Истанбулдаги “Лалили” бозорини билмайдиганлар кам топилади. Ўзбекистонликлар билан гаплашиш учун “Лалили”га борганимизда маҳаллий турк савдогарлари ўзбекларни “Қумкапи”дан топишимиз мумкинлигини айтди. У ер аллақачон “Ўзбеклар бозори” деб ном олишга улгурган.   

Хўш, бугунги кунда Истанбул шаҳрида яшаётган, ишлаётган ва ўқиётган  ўзбекистонликлар президентлик сайловининг қачон бўлиб ўтишини биладими,  номзодларни танийдими ва сайловда ўз овозлари билан иштирок этадими?  QALAMPIR.UZ мухбири айнан шу саволлар билан ўзбекларга юзланди.

“Хабаримиз бор, 9 июль куни бўлиб ўтади. Номзодлардан эса фақат икки кишини танийман – Президент Шавкат Мирзиёев ва бир аёл кишини танийман”,  дейди Туркияда ўқиётган ўзбекистонлик талаба.

“Сайловдан хабаримиз бор. Лекин аниқ санасини билмаймиз”, дея жавоб берди Истанбулда савдо билан шуғулланувчи икки ўзбек аёли. 

Шунингдек, олимпиа мусобақаси сабаб Туркияда бўлиб турган икки спортчи ҳам мухбирнинг сайлов ҳақидаги саволларига қуйидагича жавоб берди: 

“Сайлов июль ойида бўлиб ўтади. Номзодларнинг ҳаммасини таниймиз. Исмларини аниқ эслолмаслигимиз мумкин, лекин тўрт нафар номзод борлигини биламиз. Масалан, номзодлардан бири олдин Халқ таълими вазири бўлган. Шавкат Мирзиёевни эса ҳамма танийди”. 

“Учта номзодни танийман - Шавкат Мирзиёев, Улуғбек Иноятов ва бир аёл киши”. 

Шунингдек, сўровнома давомида QALAMPIR.UZ  микрофон тутган ўзбекистонликларнинг жуда кўпчилиги сайлов кунини билмаслиги ва номзодларни ҳам танимаслигини яшириб ўтирмади. 

“Сайлов кунидан хабарим йўқ. Номзодларни ҳам умуман танимайман”.

Албатта, улар орасида камерадан қочган, гапиришни истамаганлари ҳам кўп бўлди. Бу эса уларнинг аксарияти ноқонуний шаклда фаолият олиб бориши билан боғлиқ. Айни вақтда Туркияда қонуний тарзда ишлаётган фуқаролар 70 минган ортиқ. Умумий ҳисобда Туркияда бўлиб турганлар эса 350 мингдан ортиқни ташкил этади.

Ўзи умуман, Туркиядаги ўзбекларни сайловга жалб қилиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? Улар қаерда ва қачон овоз беришлари мумкин? Мазкур саволлар очиқ қолмаслиги учун Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси биринчи котиби Шерзод Абдуназаровга микрoфон тутдик. 

“Туркияда Ўзбекистоннинг иккита дипломатик ваколатхонаси мавжуд. Булар - Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхона. Фуқароларимизга қулайлик яратиш мақсадида ўзбеклар кўп яшайдиган туманларда муддатидан олдин овоз бериш жараёни ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақдаги маълумот эса ҳаммага тарқатилган”,  дейди консулликнинг биринчи котиби.

“Сайловга овоз бериш учун борасизми?” деган саволга кўплаб ўзбеклар гарчи номзодларни танимасада боришини, ўз овози билан иштирок этишини айтиб жавоб берган бўлса, баъзилар иши кўплиги сабабли боролмаслигини айтди. 

Туркияга саёҳат учун келган онахон эса сайлов варақасини оила аъзоларига бериб келган.  

“Қоғозларимизни уйдаги болаларимизга ташлаб келдим. Бошқа иложимиз йўқ”, деди онахон.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов Туркиядаги ўзбеклар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг