Туркияда ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Жамият

image

Туркиянинг Истанбул шаҳри Кадикой туманида содир бўлган ёнғин оқибатида 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 апрель куни бош консулхона Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан ҳамкорликда Истанбул шаҳрида ёнғин оқибатида вафот этган 19 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг жасадини Ўзбекистонга қайтарган. Мазкур фуқаро Истанбул шаҳри Кадикой тумани Фикиртепе мавзесида жойлашган ижарадаги уйда номаълум сабабларга кўра юзага келган ёнғин оқибатида вафот этган.

Марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан тўлиқ қоплаб берилган.

Билдирилишича, ижтимоий тармоқларда айрим шахслар томонидан марҳумни Ўзбекистонга юбориш учун ёрдам пули йиғилаётгани ҳақидаги ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатилмоқда. Консулхона фуқароларни бу каби нотўғри хабарларга ишонмасликка ва расмий манбаларга таянишга чақиради.

“Фурсатдан фойдаланиб, Бош консулхона куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 252-сонли “Ўзбекистон фуқароларини хорижда ташкил этилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, эндиликда чет элда бўлган даврида вафот этган Ўзбекистон фуқароларининг жасадини ватанга қайтариш билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қопланишини маълум қилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерациясининг Астрахан вилоятида икки енгил автомобиль тўқнашуви туфайли содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ота-онаси ҳалок бўлган 11 ёшли бола Ўзбекистонга қайтарилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия бош консулхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг