Туркияда хаос. Ўқитувчи ўз ўқувчиси томонидан ўлдирилди
Олам
−
04 Март 21294 5 дақиқа
Жорий йилнинг 2 март куни бутун Туркияни ларзага солган воқеа содир бўлди. Истанбул шаҳридаги Борса касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейида ўқитувчи Фотима Нур Челик ўз ўқувчиси томонидан пичоқланиб, ўлдирилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Қайд этилишича, 17 ёшли ўқувчи Ф.С.Б. ўқитувчилар – 44 ёшли Фотима Нур Челик, 52 ёшли З.А. ва 15 ёшли ўқувчи С.К.га пичоқ билан ҳужум қилган. Полиция ва тез тиббий ёрдам ходимлари ҳодиса ҳақида хабар етказилиши биланоқ воқеа жойига етиб борган. Жароҳат олган уч киши эса дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага олиб кетилган. Оғир жароҳат олган биология фани ўқитувчиси Фотима Нур шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Яраланган бошқа ўқитувчи ва ўқувчининг шифохонада даволанишда давом этмоқда.
Ушбу воқеадан сўнг лицейда дарсларга бир кунлик танаффус берилган ва мактабда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилган.
Ҳодиса қандай содир бўлган?
Маълумотларга кўра, 17 ёшли Ф.С.Б. ҳодисадан икки кун олдин отаси томонидан Бакиркўй Мазҳар Усмон руҳий ҳасталиклар шифохонасидан чиқарилган бўлган. Шифохонадан чиққач, у мактаб дарс жадвалини текширган. Ўқувчи Фотима Нурнинг қайси вақтда қайси синфда бўлишини аниқлаб, ҳатто режа ҳам тузган. Эртаси куни эрталаб мактабга бориб, бевосита ўқитувчининг синфига бостириб кирган.

Жорий йилнинг 2 март куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида синфга кирган Ф.С.Б. биринчи бўлиб ўқитувчи Фотима Нурга, сўнг уни тўхтатишга ҳаракат қилган 15 ёшли ўқувчи С.К. гa ҳам пичоқ билан ҳужум қилган. Пичоқбозликни тўхтатишга уринган бошқа бир ўқитувчи З.А. ҳам елкасидан жароҳат олган.
Эътиборли жиҳати шундаки, гумонланувчи 2025 йилда мактабда бошқа жанжалга аралашган, вафот этган ўқитувчи Фотима Нур эса Интизом қўмитасининг йиғилишда ушбу ўқувчи ҳақида сўз очиб, “ҳаётимиз хавф остида”, дея огоҳлантирган.

Синфда бўлган ўқувчилардан бири воқеа ҳақида айтиб берар экан, саросимадан қўрқувга тушиб қолганини билдирган.
“У жуда яхши ўқитувчи эди, одатда ҳамма бир-бири билан яхши муносабатда бўлар эди. Воқеа кўз олдимда рўй берди, мен ҳам ўша синфданман. Ўша дақиқада саросимада деярли ҳеч нарса қила олмадик, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмади. Қўрқувдан нима қилишни билмадик. Ўқитувчи коридор томон чиқарилганида ёнида турдик. Сўнг бизни яна синфга олиб киришди”, деган гувоҳ.

Синф раҳбарининг сўзларига кўра, гумондор ўқувчини директор ўринбосари тўхтатиб қолган.
“У бир зумда қўлида пичоқ билан Фотима Нурнинг синфига кириб, афсуски уни ўлдирган. Шундан сўнг бошқа синфлардаги ўқитувчилар ва ўқувчиларга ҳужум қилмоқчи бўлганида директор ўринбосари уни тўхтатиб қолган. Фотима жуда яхши инсон эди, ҳеч кимга ёмонлик қиладиган одам эмас эди. У ўша ўқувчи юзасидан Интизом қўмитасига бир ҳужат тақдим қилганди. Ўқувчи эса ташқарида гиёҳванд модда қабул қилиб, суиқасдни амалга оширган”, дейди синф раҳбари.
Гумондорнинг терговдаги кўрсатмаси
Гумондор Ф.С.Б. ўз кўрсатмасида икки кун аввал севгилиси билан айрилганини, шу сабабли мактабга психолог мураббий билан кўришишга келганини айтган.
“Воқеадан икки кун олдин севгилимдан ажрашгандим. Шу сабаб мактабга психолог Шайда устоз билан гаплашиш учун бордим. Уни қидирдим, лекин топа олмадим. Тасодифан бир синфга кириб, кимни биринчи кўрган бўлсам, ўшанга ҳужум қилдим. Ўзимни назорат қила олмаётгандим. Тасодифан пичоқладим. Ёнимда доим пичоқ олиб юрардим. Бу фақат ўша кунга хос нарса эмас эди”, деган у.
.jpg)
Мазкур воқеадан сўнг Туркиянинг 81 вилоятида “Мактабда ўлмоқчи эмасмиз!”, “Ҳаёт хавфсизлиги йўқ”, “Зўравонлик тўхтатилсин!”, “Мактабларда хавфсизлик чоралари кучайтирилсин” шиорлар билан ўқитувчилар бир кунлик иш ташлаш ҳам ўтказган. Айрим норозилик намойишларида таълим вазирнинг истеъфоси каби талаблар ҳам илгари сурилган.

Марҳума Фотима Нурни сўнгги манзилга кузатиш учун жаноза намози ўқилиб, дафн этиш учун туғилган шаҳри – Коняга етказилган.
Туркия Адлия вазири Акин Гурлек мазкур ҳодисага алоқадор барча жавобгар шахсларга қонунан чора кўрилишини маълум қилган.
“Истанбулнинг Чекмекўй туманидаги лицейда содир бўлган ҳужум оқибатида ўқитувчи Челикнинг вафот этганини эшитиб афсусландим. Воқеа юзасидан Анадолу Республика Бош прокуратураси дарҳол тергов ишларини бошлади. Жараён ҳар тарафлама ва синчковлик билан олиб борилмоқда, жавобгарлар жазосиз қолмайди. Марҳум ўқитувчимизга Аллоҳдан раҳмат, оиласига, яқинларига, ўқувчиларига ва миллий таълим жамоасига сабр тилайман. Яраланган ўқувчи ва ўқитувчиларимизга Аллоҳдан тезроқ соғлик тилайман. Таълим жамоамизга ва халқимизга эса сабр ва бахт тилайман”, дейди Адлия вазири.
Воқеа Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ҳам эътиборидан четда қолмади. У устозларга ҳурматсизлик қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини айтди.
“Чекмекўйдаги лицейда содир бўлган ваҳшиёна ҳужум оқибатида вафот этган ўқитувчимизга Аллоҳдан чексиз раҳмат тилайман. Марҳум ўқитувчимизнинг оиласи ва яқинларига сабр, юртимизга буюк фидойилик билан хизмат қилган таълим жамоамизга эса таъзия изҳор қиламан. Қўллари ўпиладиган (қўл ўпиш Туркияда ҳурмани ифодалайди) ўқитувчиларимизга нисбатан содир этилган бу ҳаракатнинг ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди. Зўравонликни қўя турайлик, ҳатто Ҳазрати Али (р.a.) айтган: “Менга бир ҳарфни ўргатган ўқитувчининг 40 йил қули бўламан”. Шундай устозларга ҳурматсизлик қилиш бизнинг эътиқодимиз ва маданиятимизда қабул қилиб бўлмас ҳолат. Бош прокуратурамиз ва Адлия вазирлигимиз маъмурий терговни бошлади. Бу воқеа бутун халқимизни чуқур қайғуга солди, ва биз буни қатъий назорат остига олиб, айбдорлар ўз ҳақиқий жазосини олишлари учун барча зарур чораларни кўрамиз. Шу ҳужумда яраланган ўқитувчимиз ва ўқувчимизга ҳам Аллоҳдан шифо тилайман. Роббим ўқитувчимиз Фотима Нурнинг жойини жаннатдан қилсин”, дейди Президент Эрдўған.
Қайд этиш жоиз, Туркиядаги ёшлар, айниқса, ўсмир ўқувчилар орасида иқтисодий етишмовчилик, келажак хавотирлари руҳий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу эса ўз навбатида ижтимоий соҳа ходимларига акс таъсир этмоқда. Мазкур ҳодиса мамлакатда сезилаётган моддий ва ижтимоий таранглик, ёшлардаги беқарорликнинг ҳосиласи дейиш мумкин.