Туркияда ўгай отасининг жинсий тажовузига учраган қиз Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
14 Июнь
8401Туркияда ўгай отасининг жинсий тажовузига учраган Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, вояга етмаган қиз онаси билан 2015 йилда ишлаш мақсадида Туркияга борган ва Истанбул шаҳрига жойлашган. Унинг онаси Туркия фуқароси билан танишиб, шаръий никоҳ асосида турмуш қурган ва унинг уйида яшашни бошлаган.
Ўгай ота эса вояга етмаган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жинсий тажовуз қилган. Шу сабабли, 2017 йилда қиз Истанбулдаги болалар уйига жойлаштирилган. Жорий йилнинг февраль ойида эса унинг опаси судга қилган мурожаати асосида у болалар уйидан озод қилинган.
Бироқ қизнинг опаси кейинчалик Туркия полициясига куч ишлатгани учун қамоққа тушган ва вояга етмаган фуқаро яна қаровсиз қолган.
Бош консулхона бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур фуқаронинг Ўзбекистонга қайтарилиши ва уни қонуний вакилларига топширилишини ташкил этган.
“Бош консулхона фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни вояга етмаган фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмасликка, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратишга чақиради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида оёғи синган ва оғир аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига Бош консулхона томонидан мамлакатга қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилганди.