Туркияда сурияликларга қарши норозиликлар авж олди. Ҳозиргача нималар маълум? (видео)
Олам
−
03 Июль
7106Туркия бўйлаб Сурия ва ушбу мамлакатдан келган мигрантларга нисбатан норозилик намойишлари давом этмоқда. Норозилик кайфиятининг юзага келишига 26 ёшли суриялик йигитнинг Туркияда олти яшар қизга нисбатан жинсий зўравонлик қилгани сабаб бўлган. Мамлакатдаги норозилик ҳаракатларида 474 киши ҳибсга олинган.
Тартибсизликлар жорий йилнинг 30 июнь куни тунда Туркиянинг марказий қисмидаги Кайсери шаҳрида бошланган. Шаҳар кўчаларида машиналар ёқиб юборилган. Маҳаллий аҳоли кечқурун Суриядан келган қочқинларга тегишли дўкон ва машиналарга ўт қўйди. 1 июль куни эрталаб полиция 67 кишини ҳибсга олди. Кайсеридаги тартибсизликларда 14 нафар полициячи ва бир нафар ўт ўчирувчи тан жароҳати олди. Ғалаёнлар тезда Туркиянинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалди. Норозилик кайфияти Конья, Газиантеп, Ҳатайда ҳам қайд этилган. Шу ерлик аҳоли вазиятга умуман алоқаси бўлмаган Сурия муҳожирларини ҳам ушлаб, уларни дўппослаган.
Сурия фуқароларига қилинаётган муносабатга нисбатан шу куни Суриянинг шимоли-ғарбий ҳудудида Туркияга қарши намойишлар бошланди. Сурия Инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази берган хабарларга кўра, уларда камида етти киши ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши яраланган. Ташкилотнинг қўшимча қилишича, намойишларда юзлаб одамлар иштирок этган, уларнинг бир қисми қуролланган. Иштирокчилар Туркия байроқларини йиртиб ташлаган. Африн ва Жарабулус шаҳарларида ҳатто намойишчилар билан турк аскарлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб, бу эса ўлим ҳолатига олиб келган.
Истанбул ва Анталияда ҳам вазият шиддат билан кескинлашган. Oxирги маълумотларга кўра, етти суриялик ҳалок бўлган, деярли беш минг киши ҳибсга олинган. Суриянинг ўзида эса туркиялик юк машина ҳайдовчиларига тез-тез ҳужумлар уюштирилмоқда. Анқара шимолдаги чегарани ёпган. Туркия оммавий ахборот воситалари назорат-ўтказиш пунктларида суриялик жиноий тўдаларнинг 25 нафар аъзоси йўқ қилинганини ёзган.
Туркиядаги маҳаллий полиция бошлиғи намойишчиларга қизчани зўрлаган эркакка барча қонуний чоралар қўлланилиши, жумладан, уни депортация қилишга ваъда берган. Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя эса қиз ва унинг оиласи Туркия давлати ҳимоясига олинганини қўшимча қилган. Кейинроқ маълум бўлишича, зўрланган қизча ҳам суриялик оиладан бўлган.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги Кайсеридаги воқеалар билан боғлиқ провокацион маълумотларни тарқатган ижтимоий тармоқдаги 60 дан ортиқ аккаунтни аниқлаб, уларни блоклаган. Аккаунт эгаларига нисбатан жиноий иш очилган. Вазият кескин тус олган жойлар интернетдан узилган.
Президент маъмурияти Туркияга қарши бундай ҳаракатлар мамлакатдаги сиёсий вазиятни издан чиқариш учун уюштирилганини айтиб, жамоатчиликни нотўғри маълумотларга ишонмасликка ва расмий баёнотларга қараб иш тутишга чақирган. Бундан ташқари, Эрдўған жамиятда ксенофобия ва муҳожирларга нисбатан нафрат уйғотиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини таъкидлаган. Сурия муваққат ҳукумати раҳбари Абдураҳмон Мустафо СNN телеканали орқали Туркияга етказилган зарар Сурияга етказилган зарар эканлигини айтган.
“Турк байроғи турк халқи учун қандай муқаддас бўлса, биз учун ҳам шундай муқаддасдир. Туркия ҳарбийлари Сурияда террорчиларга қарши шу байроқ остида жанг қилди”, дея қўшимча қилган Мустафо жойларда мамлакат байроқларининг йиртилишига жавобан ўз муносабатини билдириб.
Маълумот учун, сурияликлар билан боғлиқ қуролли тўқнашув илк марта 2011 йилда Туркияга юз минглаб ушбу мамлакат аҳолиси кириб келганида юзага келган.