Туркияда 2200 йиллик қадимий қабрлар топилди (фото)
Олам
−
09 Октябрь 3144
Туркиянинг Денизли вилоятида жойлашган қадимий Колоссайе шаҳридан 2200 йиллик 60 та қабрдан иборат катта некрополь (қабристон мажмуаси) топилди. Бу ҳақда “Daily Sabah” хабар берди.
Мутахассислар фикрича, гарчи бу турдаги қабристонлар Туркиянинг бошқа ҳудудларида ҳам топилган бўлса-да, бу каби кўп сонли қабрларнинг бир жойда ва ёнма-ён жойлашгани жуда кам учрайди.
“Колоссайе шаҳрида, эҳтимол, бутун Анатолиядаги энг катта некрополлардан бирини топдик. Қоя тошлардан ўйилган қабристонларни ер юзасидаги тупроқ қатламини олиб ташлагандан сўнг аниқладик. Ҳозирга қадар 65 та қабр аниқланиб, уларнинг 60 таси қазиб чиқилди”, дейди археолог Бариш Енер.
.png)
Қабрлар ичида суяк қолдиқлари ва бошқа археологик топилмалар аниқланган. Олимларнинг айтишича, қадимги замон одамлари бу ҳудуддаги травертин жинсли тоғлардан қабристон сифатида фойдаланган. Бунга сабаб – қишлоқ хўжалиги учун яроқли ерларни тежаш истаги бўлган.
Топилмалар орасида қадимги одамларнинг диний эътиқодларига оид кўплаб буюмлар бор. Масалан, қабрлар ичида турли туморлар, сеҳрли деб ҳисобланган тошлар, туморлар, ҳатто шифобахш тошлар ҳам топилган.
Шунингдек, дафн маросимларида ишлатилган сопол ва шиша идишлар, пилик чироқлар, тангалар ва баъзи шахсий буюмлар, масалан, шиппак ҳам аниқланган. Олимлар фикрича, бу топилмалар қадимги одамларнинг ўлимдан кейинги ҳаётга бўлган ишончини ва руҳий ҳимоя истагини акс эттиради.
.png)
Бариш Енергa кўра, Колоссайедаги қазиш ишлари орқали олинган топилмалар минтақанинг тарихидаги муҳим бўшлиқни тўлдиради. Энди олимлар бу ҳудуд тарихини Сўнгги Халколит давридан тортиб, 1206 йилдаги Хоназ туманидаги турклаштирилишгача бўлган даврни узлуксиз ўрганиш имконига эга.
Колоссайе шаҳри милоддан аввалги VI асрлардан бошлаб машҳур савдо маркази бўлган. Айниқса, бу ерда мўйначилик ва мато ишлаб чиқариш яхши ривожланган. Шаҳар форслар даврида муҳим сиёсий марказ бўлган, Рим ва Византия даврида эса христианлик тарихида муҳим ўрин тутган.
.png)
Бироқ кейинчалик атрофда Ҳиераполис ва Лаодикея каби бошқа қадимий шаҳарлар ташкил топгани сабабли Колоссайе аҳамиятини йўқота бошлаган. Милоднинг I асрида содир бўлган кучли зилзила бу ерга жиддий зарар етказган. Шаҳар милоднинг 692-йилларида қайта қурилиб, Хонайе деб номланган, аммо 787-йилдаги яна бир зилзиладан сўнг бутунлай ташлаб кетилган.
Колоссайедаги қазиш ишлари 3 йил давом этган тадқиқотлардан сўнг бошланган бўлиб, Туркия Маданият ва туризм вазирлигининг “Келажак мероси” лойиҳаси доирасида, Памуккале университети археологи Бариш Енер раҳбарлигида олиб борилмоқда.
.png)
Бугунги кунда Колоссайе шаҳар харобалари Туркиянинг Денизли вилоятидаги Хоназ тоғ этакларида жойлашган бўлиб, археологлар бу ердан ҳали кўплаб тарихий сирлар очилиши мумкинлигини айтишмоқда. Шунингдек, у ер диний туризм учун ҳам катта салоҳиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ археологлар Перунинг қадимги Пенико шаҳрини топгандилар, унинг ёши 3800 йил. У Перунинг Уаура провинциясида, пойтахт Лима шимолида жойлашган.
Live
Барчаси