Туркия зайтун ёғи экспортини тўхтатди 

Олам

image

Туркия зайтун ёғи нархларнинг глобал миқёсда ўсиши, шунингдек, Испания ва Италия Туркиядан сотиб олинган зайтун мойини учинчи давлатларга экспорт қилаётгани сабаб ушбу маҳсулотнинг экспортини жорий йилнинг 1 ноябрига қадар тўхтатди. Бу ҳақда Туркия Савдо вазирлигига таяниб РИА Новости хабар берди

Қайд этилишича, Туркиянинг ўзида зайтун мойи нархи 102 фоизга кўтарилган. Туркия Савдо вазирлигининг Халқаро Зайтун Кенгаши (IUS) маълумотларига таяниб маълум қилишича, Европадаги қурғоқчилик туфайли дунё бўйича зайтун мойи ишлаб чиқариш ҳажми 20 фоизга қисқарган. Ишлаб чиқариш қисқаришининг энг катта улуши Испания ва Италияда қайд этилган бўлиб, Туркияда бу кўрсаткич 62 фоизгача етган. 

Таъкидланишича, 2022-йилнинг ноябридан 2023-йилнинг июлигача Туркия зайтун мойи экспорти 240 фоизга ошиб, 136,5 минг тоннага етган. Бунинг натижасида Туркияда мой нархи 102 фоизга ошган.

Савдо вазирлигига кўра, Европа Иттифоқининг юқори божхона тўловлари сабаб Туркия унга аъзо мамлакатларга жуда кам миқдорда мой етказиб бера олади. 

“Ноябрдан июлгача Испанияга бочкаларда мой экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 бараварга, Италияга эса 44 баробарга ошди”, дейилади хабарда. 

Туркия томонидан зайтун мойи экспортига қўйилган чеклов мамлакатда янги ҳосил йиғиб олингунча нархларнинг кўтарилиб кетмаслигига ёрдам беради. 

Маълумот учун, Ўзбекистон 2022 йилда қарийб 1,7 миллион долларлик 546,5 минг тонна зайтун мойини импорт қилган бўлиб, Туркия Испаниядан сўнг ушбу маҳсулотнинг асосий етказиб берувчиси ҳисобланади. Ўзбекистон аҳолиси пахта ва ўсимлик ёғларини зайтун мойидан кўра кўпроқ истеъмол қилади. Ҳозирда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мамлакат аҳолисининг ёғга нисбатан эҳтиёжининг 55 фоизини таъминласа, қолган 45 фоизи импорт ҳисобига қопланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон ва Россия гуруч экспортини тақиқлаганди. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса мамлакатда гуруч танқислиги кузатилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга раддия берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия экспорт зайтун ёғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг