Туркия ёзда коронавирусга қарши ўз вакцинасини тақдим этади

Олам 1327
image

Жорий йил ёзда Туркия ўзининг коронавирусга қарши вакцинасини тақдим этади

Қайд этилишича, SARS-COV-2 mRNA вакцинаси Туркиянинг бир қанча университетлари ва лабораторияларида синовдан ўтказилмоқда. 

Вакцинани яратиш лойиҳаси раҳбари Нодир Кожакнинг айтишича, mRNA бутун дунёда учинчи авлод вакцинаси технологияси сифатида танилган. 

Туркиялик олимлар Pfizer ва BioNTech томонидан вакцина яратилгандан деярли саккиз ой ўтиб, ўз вакциналари устида ишлашни бошлаган.

"Ишни кеч бошлаганимиз камчилигимиз бўлса-да, бизда дунёдаги вирусли оқсил ҳақидаги сўнгги маълумотларни кузатиб бориш имконияти бўлди. Биз етакчи ташкилотлар фойдаланган формулаларни кўрдик. Энди эса барқарорроқ ва самаралироқ вакцина ишлаб чиқаришга интилмоқдамиз", деган у. 

Таъкидланишича, туркиялик олимлар хона ҳароратида олти ойгача сақланадиган вакцина устида ишламоқда. 

Илк mRNA вакцинаси бир ярим ой олдин яратилган ва у эндиликда ҳайвонларни синаш босқичига яқинлашмоқда. 

Мутахассислар уч хил вакцина формулаларини синтез қилган. Икки ой ичида олимлар вакцинанинг одамларга нисбатан энг самарали вариантини синовдан ўтказишни бошлайди.

Шунингдек, Кожак пандемия туфайли фазавий тадқиқотлар қисқартирилганлигини қўшимча қилган. 

Олимларга кўра, синовлар бошида беморларга икки ҳафта оралиғида вакцинанинг икки марталик дозаси юборилади. Кейинги икки-уч йил ичида бу нисбат ўзгариши мумкин. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда коронавирусга чалинганлар 2,34 млндан ошган. 22 минг 981 нафар бемор вафот этган.

Туркияда коронавирусга қарши оммавий эмлаш жорий йилнинг 14 ёки 15 январь куни бошланиши айтилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 3.1
t
×