Туркия ЕИга аъзо бўлиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташламоқчи – Эрдўған
World
−
08 July 3891 2 minutes
Туркия Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо бўлиш йўлидаги сўнгги ғовларни бартараф этишни муҳокама қилишдан умидвор. Бу ҳақда бугун, 8 июль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарадаги НАТО саммити доирасида Италия Бош вазири Жоржа Мелони билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.
“Туркия Европа Иттифоқи билан энди тўсиқлар ҳақида эмас, балки аъзолигимиз йўлидаги сўнгги ғовларни олиб ташлаш тўғрисида гаплашмоқчи”, дейди Эрдўған.
Туркия Президенти маъмуриятининг хабар беришича, етакчилар икки томонлама муносабатларни, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилган.
Эрдўған Анқара ва Рим мудофаа саноати, инвестициялар, энергетика ва савдо соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эканини қайд этган.
Туркия Президенти НАТОнинг Европа таркибий қисмини кучайтириш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Анқара Европа Иттифоқининг хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги саъй-ҳаракатларини, башарти улар альянс механизмларига таянса ва уларни такрорламаса, қўллаб-қувватлайди.
Учрашув давомида томонлар Ливиядаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Эрдўған Туркия, Италия, Қатар ва Ливия томонидан йўлга қўйилган тўрт томонлама ҳамкорлик формати муҳим механизм бўлиб қолаётганини ва унинг иши давом эттирилишини баён қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО давлатлари ўртасида мудофаа саноати соҳасидаги чекловларни бекор қилишга чақиргани ва Анқаранинг Европа хавфсизлик ташаббусларида тўлиқ иштирок этиши кераклигини айтгани ҳақида хабар берилган эди.