Туркия ва Жазоир Президентлари Ғазо бўйича баёнот берди
Олам
−
22 Ноябрь 2023
3525Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг айтишича, Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар 1967 йил чегаралари ичида Фаластиннинг ташкил топиши ва пойтахти Шарқий Қуддусда бўлиши билан сиёсий ечим муқаррар бўлиб қолганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда у кеча, 21 ноябрь куни Жазоирга ташрифи чоғида, матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Муаммони адолатли сиёсий ҳал қилмасдан туриб, тўлиқ натижага эришиш мумкин эмас. Энди ушбу ечим муқаррар бўлиб қолди, бу 1967 йил чегараларида ва пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган Фаластин давлатини яратишни назарда тутади”, дейди у.
Эрдўған, шунингдек, Туркия Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ва тинч аҳоли манзилларига уюштирган ҳужумларини “варварлик ва уруш жинояти” деб билишини яна бир бор таъкидлади.
“Жорий музокаралар давомида биз минтақа давлатлари билан биргаликда Фаластин учун кафиллик механизмини амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканлигимизни тасдиқладик. Биз Исроилнинг уруш жинояти бўлган ҳаракатларини ҳеч қандай ҳолатда қабул қилмаймиз. Шифохоналар, ибодатхоналар, мактаблар, бундан ҳимоя қилиниши керак бўлган жойларга ҳужум қилиш, одамларни қочқинликка мажбурлаш, булар виждонсиз ва ваҳший ҳаракатлардир”, дейди Эрдўған.
Унинг таъкидлашича, Туркия ва унинг минтақадаги иттифоқчиларининг биринчи устуворлиги Ғазода доимий ўт очишни тўхтатиш ва анклавга инсонпарварлик ёрдамларини тўсиқсиз узлуксиз етказиб беришдир.
“Фаластин муаммосига зудлик билан, адолатли сиёсий ечим топилмаса, бутун минтақада барқарорлик ва тинчликка эришиб бўлмайди”, дейди Туркия раҳбари.
Ўз навбатида Жазоир Президенти Абдулмажид Теббун Исроил армиясининг ҳарбий амалиёти оқибатида Ғазо секторида минглаб тинч аҳоли ҳалок бўлганини инсоний фожиа деб атади.
Теббун ҳам минтақадаги мавжуд вазиятни ҳал қилишнинг ягона ечими Фаластин давлатини яратиш эканлигига ишонч билдирди.
“Фаластин давлати тузилиши керак. Бу Яқин Шарқда мавжуд бўлган можароларни тугатишнинг ягона ечимидир. Биз Фаластин халқининг 1967 йил июнь чегаралари ичида пойтахти Қуддус бўлган ўз давлатини барпо этиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейди у.
Жазоир раҳбари, шунингдек, Исроилнинг Ғазо секторидаги операциясининг мумкин бўлган оқибатларига эътибор қаратди:
“Яқин Шарқ бурилиш арафасида турибди. Ёки муаммолар ҳал бўлади, ёки улар бошқача йўналиш олади”.
LiveБарчаси