Туркия ва Озарбайжон армияси “бирлашмоқда”
Олам
−
04 Февраль 2022
7857Туркия Парламенти Анқара ва Баку ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш имкониятини кўзда тутувчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шуша декларациясини ўз ичига олган ҳужжатга 266 депутат овоз берган, 11 нафари қарши чиққан.
Жорий йилнинг 1 февраль куни Озарбайжон парламенти ушбу декларацияни тасдиқлаган. Ҳужжат ўтган йилнинг 15 июнь куни Озарбайжон ва Туркия Президентлари Илҳом Алиев ва Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан Қорабоғнинг Шуша шаҳрида имзоланган.
Декларация “томонлардан бирининг халқаро тан олинган чегараларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, дахлсизлиги ёки хавфсизлигига учинчи давлат ёки давлатлар томонидан таҳдид ёки тажовуз содир бўлган тақдирда” БМТ Низомига мувофиқ Баку ва Анқара томонидан ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
“Шошилинч муҳокамалар орқали ушбу ёрдамнинг ҳажми ва шакли аниқлангандан сўнг, мудофаа эҳтиёжларини қондириш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш ва Қуролли Қучлар қўмондонлиги ва қўмондонлик тузилмаларининг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинади”, дейилади хабарда.
Ҳужжат бандларидан бирида Озарбайжон ва Туркия ўз Қуролли Кучларини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириши белгиланган. Бу кадрлар алмашинуви ва қўшма машғулотлар ўтказишни назарда тутади. Шу билан бирга, ҳужжатда икки давлат ўртасидаги ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик учинчи давлатларга қарши қаратилмагани белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Анқара ва Бакунинг ҳарбий ва мудофаа соҳаларидаги ҳамкорлик доирасида биргаликда ҳаракат қилиш имкониятини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси 1 февраль куни Туркия Парламентига кўриб чиқиш учун тақдим этилганди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси