Туркия ва Греция “қирпичоқ” бўлмаслик учун музокараларни бошлади

Олам 2564
image

Туркия ва Греция Шарқий Ўрта Ер денгизида ҳарбий қарама-қаршиликнинг олдини олиш механизмини муҳокама қилмоқда. Музокаралар икки мамлакат ҳарбий делегациялари даражасида бўлиб, техник хусусиятга эга. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. 

Столтенберг, Афина илгари алянснинг Туркия билан музокараларни бошлаш тўғрисидаги келишув тўғрисидаги баёнотини рад этганини эслади. 

“Икки мамлакат раҳбарлари билан музокаралар якунлари бўйича Туркия ва Греция ишчи гуруҳлари ўртасида музокаралар ўтказишга қарор қилинди. Техник мунозаралар аллақачон бошланган. Мулоқотнинг мақсади ҳарбий қарама-қаршиликларнинг олдини олиш механизмини шакллантиришдир”, дейди Столтенберг. У ҳозирча келишувга эришилмаганини таъкидлади. 

"Булар қарама-қаршиликларни бартараф этиш бўйича музокаралар эмас, балки Германиянинг Туркия ва Греция ўртасида сиёсий келишувга эришиш учун воситачилик ҳаракатларига ҳисса қўшишга қаратилган аниқ техник мунозаралардир", дейди НАТО бош котиби.

Аслини олганда Греция ва Туркия ўртасидаги зиддиятлар Усмонийларп ҳукмронлиги даврига бориб тақалади. Айни вақтда расмий Афинага кўра, Туркиянинг нефть ва газга нисбатан нафси ҳакалак отган ва янги захираларни қидириб, Греция оролларига тегишли ҳудудларга дахл қилмоқда. 

Можарога Европа, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари ҳам қўшилмоқда. Европа Иттифоқи Туркияни ҳудуддан кемаларини олиб чиқиб кетишга чақирмоқда. Йўқса, Туркияга иқтисоди санкциялар қўлланилиши мумкин. 

Европа Иттифоқи Ўрта Ер денгизи шарқидаги вазиятга муносабатини ўзгартирмади ва мулоқотни минтақадаги эскалацияни камайтиришнинг ягона усули деб билмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия матбуот котиби Питер Стано Брюсселда ўтказилган кундалик брифингда айтиб ўтди. 

"Бир томонлама қадамлар, таҳдидлар ва баёнотлар ўрнига, ниҳоят Ўрта Ер денгизи шарқида кучайиб бораётган кескинликни камайтириш бўйича музокараларни бошладик", дейди Стано.  

Стано, Европа Иттифоқи бир неча бор Юнонистон ва Кипрнинг юнон ҳамжамияти билан бирдамлигини билдирганини эслади. 

“Олдинга силжишнинг ягона йўли бу диалог ва музокаралар. Фақат бу ҳал қилишга, кескинликнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Биз буни кўришни хоҳлаймиз”, дея қўшимча қилади Стано.

Жорий йилнинг 9 июнь куни Греция ва Италия Ион денгизидаги икки мамлакат ўртасида эксклюзив иқтисодий зоналарни делимитация қилиш тўғрисида битим имзоладилар. 6 август куни Греция ва Миср Ташқи ишлар вазирлари Ўрта Ер денгизидаги зоналарни белгилаш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Ушбу икки келишув аллақачон Греция Парламенти томонидан тасдиқланган. Шунингдек, Афина келажакда Кипр, Ливия ва иложи бўлса, Туркия билан ҳам шу каби шартномаларни тузишни режалаштирмоқда. 26 август куни Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис Парламентда "зудлик билан қонун лойиҳасининг киритилиши билан Греция Ион денгизида ўз ҳудудий сувларини ғарбга қараб 6 дан 12 денгиз милигача кенгайтиради", деб эълон қилди. Мицотакиснинг сўзларига кўра, бу Юнонистоннинг Иониан оролларидан Пелопоннесдаги Тенарон бурнига қадар бўлган ҳудудга тегишли. Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас аллақачон Италия ва Албаниядаги ҳамкасбларига Грециянинг қарори тўғрисида хабар берган. 

Туркия вице-президенти Фуат Октай 29 август куни Греция Эгей денгизидаги ҳудудий сувларини 12 денгиз милигача кенгайтирса, уруш билан таҳдид қилди. Анқара, шунингдек, Юнонистон-Миср келишувини тан олмаслигини ва сейсмик тадқиқотлар олиб борадиган ҳарбий кемалар гуруҳи билан бирга “Оруч Реис” тадқиқот кемасини Кастелоризодан Юнонистоннинг оффшор рафидан жўнатганини айтди. Ўз навбатида, Греция ўз қуролли кучларини шай ҳолатга келтирди ва ўз суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишини эълон қилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 44
Рейтинг: 3
t
×