Туркия Ўзбекистонга “оға” бўлмоқчими? Анқарадаги саммит қандай сигнал берди?
Интервью
−
24 Март 2023
15519Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, кузатувчи мамлакатлар – Венгрия, Туркманистон ва (тан олинмаган) Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбарлари жорий йилнинг 16 март куни Анқарадаги навбатдан ташқари саммитда учрашдилар. Саммитга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилди. Аммо бу саммит ўзидан кўплаб саволларга бой бўлган из қолдириб кетди. Масалан, Туркий давлатлар ташкилотининг жорий йилги раиси ва мезбони Ўзбекистон эди. Шунга қарамай, 16 март кунги навбатдан ташқари саммит нима учун Туркия пойтахти Анқарада бўлиб ўтгани ажабланарли.
Қолаверса, навбатдан ташқари ўтказилган саммит учта йирик туркий давлатларда яқинда бўлиши кутилаётган сиёсий воқеалар – 19 март куни Қозоғистондаги Парламент сайлови, 14 майда Туркиядаги Президентлик ва Парламент сайловлари ҳамда 30 апрель санасида Ўзбекистонда бўладиган умумхалқ референдумидан олдин ўтказилиши ҳам, гўё Туркиядаги мазкур саммит кўпроқ президентлар бир-бирини сиёсий нуқтаи назардан қўллаб-қувватлашига ўхшаб кетаётгандек.
Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида QALAMPIR.UZ Халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат бўйича мустақил тадқиқотчи, "Тараққиёт стратегияси" маркази бўлим бошлиғи Фарруҳ Ҳакимов билан суҳбатлашди ва ундан Ўзбекистон-Туркия муносабатлари, Туркий давлатлар ташкилотининг оддий томошабин кўзидан йироқ томонлари ҳақида фикр олди.
2011 йилдан 2017 йилгача ушбу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга жуда катта дарз кетган эди. Мамлакатда турк ресторанларининг номи ўзгарган, радиоларда турк қўшиқларига тақиқ қўйилган, телеканалларда эса турк сериаллари ёппасига йўқотилган эди. Ҳатто, Туркияга саёҳат мақсадида бориб-келганлар ҳам сўроққа чақирилганини эшитганмиз. Эндичи, икки мамлакатнинг бу яқинлашуви нимани англатади?
Яқинда Президент Мирзиёев ундан Ўзбекистон ким томонда эканини сўрашаётганини айтганди. Хўш, Туркия Ўзбекистон учун ким ўзи? Стратегик ҳамкорми ёки Ўзбекистоннинг янги "оға"сими? Ўзбекистон бошқа бир катта "ака"лардан қочиб, янгисига тутилиб қолмаяптими?
Журналистнинг бу саволига эксперт “Йўқ!” дея жавоб берди.
“Туркия билан ҳамкорлик масаласида, биз уни “ака” деб биламизми ёки у бизни “ука”, ҳар иккаласига ҳам мен “йўқ” деб жавоб бераман. Чунки Туркияни ҳали йирик давлат деёлмайман, у ўрта давлат ва халқаро майдонда Ўзбекистон билан даражаси деярли тенг. Яъни Америка, Россия, Хитой билан солиштирганда Туркия вазн категориясида Ўзбекистонга яқинроқ. Бундан ташқари, Туркия билан тарихий – тил, дин ва анъаналар жиҳатидан яқинлигимиз мулоқотимизни яқинлаштиради.
Ҳакимовнинг айтишича, халқаро муносабатларда қайсидир давлат бирор бир йирик давлатни ўзига “ака” деб билса, бундай танлов муваффақиятсизликка олиб келади.
“Буни тарихда кўп кўрганмиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё белгилаган кўп векторли халқаро ҳамкорларни диверсификация қилиш тамойили ётади. Яъни ташқи алоқаларда муҳим танлов қилаётганда давлатни эмас ўша мамлакатнинг принципларини устувор қилиб белгилаши керак. Ўзбекистоннинг принципи эса унинг фақат миллий манфаатларини илгари суришидир”, дейди Ҳакимов.
Сиёсатшунос халқаро майдонда давлатларнинг нуфузи ҳар хил ҳисобланиши, йирик давлатлар, ўрта давлатлар ва кичик бўлган давлатлар борлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистонни ўрта давлат қаторида деб ҳисоблашини билдирди.
“Ўзига хос географик жойлашуви, ҳам иқтисодиёти ҳамда аҳоли сони жиҳатидан шу гуруҳга киритса бўлади. Шунинг учун халқаро ҳамкорлар билан ўзаро муносабатда ўзига хос овозга эга.
Йирик давлатларга келсак, ўз кучидан келиб чиқиб ўрта ёки кичик давлатларнинг сиёсатига таъсир ўтказади”, дейди мутахассис.
Халқаро сиёсат масалалари бўйича эксперт Фарруҳ Ҳакимов билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси