Туркия сиёсатида “бомба” портлади

Олам

image

Туркиянинг нафақат замини, балки сиёсати ҳам оғир тебранишларни бошдан кечирмоқда. Кеча, 3 март куни “Яхшилик” партияси раҳбари Мерал Акшенар Эрдўғанга қарши 6 мухолиф партиядан иборат Миллат Иттифоқини тарк этди. У ушбу иттифоқдан яна Эрдўғаннинг азалий душмани – “Жумҳурият халқ” партияси лидери Камол Қиличдорўғлининг номзоди президент сайловига кўрсатилишига қарши чиқди. 

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил Туркияда президентлик ва парламент сайлови бўлиб ўтиши керак. Эрдўғанга ишонилса, сайлов жорий йилнинг 14 май куни ўтказилиши керак. Аммо бу бўйича якуний қарор имзолангани йўқ. 

Жорий йил бўлиб ўтадиган сайловда мухолиф – “Яхшилик”, “Жумҳурият халқ”, “Саодат”, “Даъво”, “Келажак”, “Демократ” партиялар Миллат иттифоқини тузиб, ушбу иттифоқдан бир кишини президент сайловига номзод сифатида кўрсатиши белгиланган.

Миллат Иттифоқи кеча, 3 март куни бўлиб ўтган йиғилишида Камол Қиличдорўғли номзодини президентликка кўрсатишга келишиб олган, бироқ “Яхшилик” партияси раҳбари Мерал Акшенар бунга қарши чиқиб, номзод ўлароқ “Жумҳурият халқ” партиясидан Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ёки Анқара ҳокими Мансур Яваш номзодини кўрсатишни таклиф қилди. Аммо бу таклиф қабул қилинмаган. 

Мерал Акшенар олтилик столидан чиқаркан, “Биз мажбурлашга бош эгмаймиз”, деди. 

“Ўтган йили мамлакатимиз келажагини ўйлаб, жуда муҳим қадам ташладик. Кеча бўлиб ўтган йиғилишда ниҳоят ким президентликка қўшма номзод бўлишини муҳокама қилдик. 5 та сиёсий партия Киличдорўғли номзодини эълон қилди. 

Биз Эрдўғанга қарши барча оммавий сўровларда узоқ вақтдан бери ғалаба қозонган икки номни билдирдик. Улар Мансур Яваш ва Экрем Имомўғли эди. Афсуски, бу мулоҳазалар ва таклифлар рад этилди. 

Олтилик столнинг сўнгги йиғилишида ўзаро келишувга эришилди. Биз тушундикки, халқ ютган ҳақиқатдан шахсий кун тартиби афзалдир. 

Азиз миллатим, биз “Яхшилик” партиясини бунинг учун тузмадик. Ташкил этилган кундан буён ўзимизни бошқалардан устун кўрмадик. Баъзан партиямиз манфаатларини унутиб, миллатимиз учун улардан воз кечдик. 

Бизни ҳақорат қилишди, тишимизни ғижирлатдик. Бизни линч (жиноят содир этганликда ёки ижтимоий урф-одатларни бузганликда гумон қилинган шахсни судсиз ва терговсиз, одатда кўчада оломон томонидан осиб ўлдириш орқали ўлдириш) қилишди, йўқ қилишолмади".  

Мерал Акшенар номзод ўлароқ кўрсатишни таклиф қилган Экрем Имомўғли ва Мансур Яваш буни қабул қилмай, мухолифларнинг лидери ўлароқ Қиличдорўғли кўрсатилишини олқишлади. 

“Ҳозиргача қилган баёнотларимизда, раҳбаримиз жаноб Камол Киличдорўғлининг иродасига қарши ҳаракат қилмаслигимизни билдирдик. Биз бир фикрдамиз. Умидимиз шуки, Миллий иттифоқ барча манфаатдор томонлар билан йўлида давом этади”, дейди Анқара ҳокими Мансур Яваш.

Имомўғлига кўра, Миллат иттифоқи халқимиз бошдан кечираётган оғир даврда оғир масъулиятни ўз зиммасига олиб, давлатни самарали ва демократик, жамиятни тинч ва бой қилиш истаги билан тузилган сиёсий иттифоқдир. 

“Улар халқимизга ожиз, умидсиз ва ёлғиз эмасликларини кўрсатишларига ишонаман. “Жумҳурият халқ” партиясининг фарзанди ва Миллат иттифоқининг мэри сифатида иродамизни иттифоқ столида ифодаловчи жаноб Камол Киличдорўғли ва Миллат Иттифоқининг орзу қилганимиздек ўсишига шубҳам йўқ”, деган Истанбул мэри. 

Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, мухолифат ўртасидаги ушбу қарама-қаршилик зилзиладан кейин тақдири савол остида қолган Эрдўғаннинг кучини янада ошириши, мухолифатдаги ишончсизлик сайловчиларнинг ҳам ишончсизлигига олиб келиши мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Камол Қиличдорўғли Миллат Иттифоқи Мерал Акшенар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made