Туркия президентлик сайловининг 2-тури хорижда қачон бошланиши маълум бўлди
Олам
−
15 Май 2023
5573Туркиядаги президентлик сайловларининг 2-тури хориждаги сайлов участкаларида 20 майдан бошланади. Бу ҳақда Туркия Марказий сайлов комиссиясига таяниб, Т24 портали хабар берди.
Айтилишича, биринчи босқичининг якуний натижалари 19 май куни ҳукумат газетасида эълон қилинади, шундан сўнг иккинчи турда овоз бериш бошланади. У 20 майдан 24 майгача давом этади.
Худди шу куни сайловнинг биринчи босқичида кўпчилик овоз олган амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли телевидение ва радио орқали сайловолди ташвиқотини бошлашлари мумкин бўлади. 27 май куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан Туркияда сайловолди ташвиқоти ва чекловлари, хусусан, ичимлик шохобчалари фаолияти ва спиртли ичимликларни сотишни тақиқлаш 28 май куни соат 24:00 гача кучга киради.
Иккинчи босқичнинг дастлабки расмий натижалари 29 май куни, якуний натижа эса 1 июнь куни ҳукумат бюллетенида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 май куни бўлиб ўтган сайловларда республика президентлигига уч номзоднинг бирортаси ҳам 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаганди. Биринчи турда Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 49,51 фоиз, мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли 44,88 фоиз, “Аждодлар” сиёсий блоки вакили Синан Оған эса 5,17 фоиз овоз олди. АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн қироллиги, Хитой Халқ Республикаси, Эстония, Италия, Япония, Уммон султонлиги, Испания, Сингапур, Ирландия, Исроил, Янги Зеландия, Швеция, Швейцарияда яшаётган туркияликларнинг кўп қисми Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлаган бўлса, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжонда Эрдўғаннинг қўли баланд келди. Бироқ умумий ҳисобда ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплолмагач, Туркия Марказий сайлов комиссияси раиси Аҳмад Енер мамлакатда президентлик сайловининг 2-тури 28 май куни ўтказилишини маълум қилди.