Туркия “оёғидан осилган Эрдўған” учун ўч оляпти: расмий ташриф бекор қилинди

Олам

image

Туркия ҳукумати Швеция мудофаа вазири Пол Йонссоннинг 27 январга мўлжалланган Туркияга ташрифини Стокгольмда бўлиб ўтган намойишлар туфайли бекор қилди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулусий Акар бугун, 21 январь куни Германиядаги Рамштейн авиабазасида Ғарб давлатлари мудофаа вазирлари йиғилишидан сўнг журналистлар билан учрашиб, Швеция Мудофаа вазирининг Туркияга ташрифини бекор қилинганини айтган.

“Президентимиз ва Туркияга нисбатан жирканч ҳаракатларга жавобан ҳеч қандай чора кўрилмаганини кўриб, афсусдамиз. Шунинг учун айни дамда Швеция Мудофаа вазири Йонссоннинг 27 январга режалаштирилган Туркияга ташрифининг аҳамияти ва маъноси йўқолиб бормоқда. Шунинг учун биз ташрифни бекор қилдик”, дейди Ҳулусий Акар.

Шунингдек, Туркия мудофааси раҳбари Мадридда имзоланган меморандумда назарда тутилган мажбуриятлар Швеция ва Финляндия томонидан бажарилишини талаб қилган. 

Бундан ташқари, у Рамштейн ҳаво базасида Пентагон раҳбари Ллойд Остин ва НАТОнинг бошқа мудофаа вазирлари билан музокаралар ҳақида ҳам гапирган. Унга кўра, учрашувда АҚШ Мудофаа вазирлиги Анқарага самолётлар етказиб бериш масаласида Туркияни кучли қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Швеция пойтахтида Туркияда террорчи ташкилот деб ҳисобланувчи Курдистон ишчилар партияси (КИП)ни қўллаб-қувватлаш учун норозилик намойиши бўлиб ўтганди. Акция чоғида Стокгольм мэрияси ёнида Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғанга ўхшаган қўғирчоқ оёқларидан осилиб қолди. Туркия ҳукумати бу ҳаракатни қоралади. Швециянинг Анқарадаги элчиси икки марта Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва норозилик билдирилди. 15 январь куни эса Эрдўған Туркия парламенти Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилиши учун бу давлатлар Туркияга 130 га яқин террорчини экстрадиция қилишлари кераклигини айтди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Туркия Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг