Туркия, Миср ва Исроил Ғазодан беморларни олиб чиқишга келишиб олди
Олам
−
11 Ноябрь 2023
7096Туркия, Миср ва Исроил Ғазо секторидан қурбонларни олиб чиқиш учун мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузди. Бу ҳақда Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа Х ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилди.
Шунингдек, у бу борада мисрлик мавқедоши билан музокаралар олиб борганини таъкидлаган.
Вазир саратон касаллигига чалинган беморларни, биринчи навбатда болаларни Ғазо секторидаги Турк-Фаластин дўстлик шифохонасидан Мисрдаги тиббиёт муассасаларига олиб бориш бўйича келишувга эришилганини қайд этган.
"Туркиялик тиббиёт ходимлари мисрлик ҳамкасблари билан биргаликда Ғазо секторидан келган беморларни даволайди. Иккинчи босқичда аҳволи бунга имкон берадиган беморларни тез ёрдам машинасида Туркияга олиб бориш режалаштирилган", дейди вазир.
Унинг аниқлик киритишича, Рафаҳ чегара постидан ўтган беморлар биринчи навбатда Мисрнинг Шайх Зувайд ва Эл-Ариш шифохоналарига кўчирилади. Сўнгра Туркия ва Миср Соғлиқни сақлаш вазирлари саратон касаллигига чалинган болаларни бориб кўради.
“Ғазодаги беморларни Рафаҳ чегара дарвозасидан ўтказиш учун олиб борилган дипломатик фаолиятда Исроил Соғлиқни сақлаш вазири билан алоқа ўрнатилди ва уч давлатдан (Туркия, Миср, Исроил) алоқадор шахсларни ўз ичига олган Соғлиқни сақлашни мувофиқлаштириш гуруҳи тузилди”, дейди Фаҳриддин Хўжа.
Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси Ғазо секторидаги саратон касаллигига чалинганлар даволанадиган Туркия-Фаластин дўстлик шифохонасига ҳужум қилганди.
LiveБарчаси