Туркия қарши. Столтенберг эса Швеция ва Финляндияга катта ваъда берди

Олам

image

НАТОга аъзо давлатлар Швеция ва Финляндиянинг мазкур блокга қўшилиши тўғрисида тезда қарор қабул қилишлари мумкин. Бу ҳақда бугун, 19 май куни ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг Данияда ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Ишончим комилки, биз Финляндия ва Швецияни НАТОга қабул қилиш масаласини тезда ҳал қиламиз”, дея таъкидлади у.

Бош котиб НАТО аъзолари ўзларининг келишмовчиликларига қарамай, икки давлатни блокка қўшиш бўйича тез орада умумий қарорга келишларига ишонч билдирди.

Аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватламаслигини билдирган эди.

“Дўстларимизга Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига “йўқ” дейишимизни айтдик. Ва биз бунга амал қилишда давом этамиз. НАТОда террорчилик ташкилотларининг бўлишига йўл қўймаймиз. Бу давлатлар Курдистон ишчилар партияси ва “Ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари”нинг уйи. Туркия “терроризм ўчоғи” бўлган Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришига тўсқинлик қилиш ваколатига эга”, дейди Эрдўған.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.

18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Эрдўған эса Туркия ушбу икки давлатнинг НАТОга киришига йўл қўйиб, Греция билан йўл қўйган хатосини такрорламаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг