Туркия Исроилни Ал-Ақсо борасида огоҳлантирди

Олам

image

Туркия Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг Ал-Ақсо масжидига нисбатан провокацион ҳаракатларини қабул қилмайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли исроиллик ҳамкасби Эли Коэн билан телефон орқали мулоқотда сўз очди. 

“Вазир Чавушўғли Коэнга мамлакатимизнинг Фаластин масаласига нисбатан сезгирлиги ва умидларини эслатиб ўтди ва шу нуқтаи назардан Туркия Исроил Миллий Хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвирнинг бир кун аввал Ал-Ақсо масжидига қарши провокацион ҳаракатларини қабул қилиб бўлмас деб билишини таъкидлади”, дейилади баёнотда.  

Туркия Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Анқара Ал-Ақсо мақомини сақлаб қолишга катта аҳамият беришини билдирган. У суҳбатдошига Туркия бундан буён зиёратгоҳга қарши ҳар қандай провокацион ҳаракатларнинг олди олинишини кутаётганини маълум қилган. 

Суҳбат чоғида туркиялик вазир Эли Коэнни Исроил ТИВ раҳбари этиб тайинлангани билан табриклаган. Томонлар Анқара ва Тель-Авив ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олган. 

Эслатиб ўтамиз, ўзининг провокацион ҳаракатлари билан машҳур бўлган Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир жорий йилнинг 3 январь куни эрталаб Исломнинг муқаддас маскани – босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига кирди. Бен Гвирга Исроил полицияси ходимлари ҳамроҳлик қилиб, Ҳарами Шарифга (Маъбад тоғига) бордилар. 

Миллий хавфсизлик вазири беш йил ичида Исломнинг учинчи муҳим зиёратгоҳи ҳудудига кириб келган Исроил Вазирлар Маҳкамасининг биринчи аъзоси бўлди. 

Вазирнинг хатти-ҳаракатлари мусулмон диндорларнинг эътирозига сабаб бўлиб, босиб олинган Фаластин ҳудудларида кескинликни оширди. 

Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Қатар ва Қуват, БАА ва Туркия Исроил Миллий хавфсизлик вазирининг ҳаракатларини қоралади.

Маълумот ўрнида, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.

Маълумот учун, 2022 йилнинг май ойида Исроил-Фаластин можароси кескинлашиб, тўқнашувлар бошланганди. 7 май куни бошланиб, 11 кун давом этган ўзаро ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо секторида яшовчи 232 нафар араб ҳалок бўлган ва 1900 га яқини жароҳат олган. Исроилда эса 12 нафар инсон вафот этган, юзлаб одамлар яраланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Исроил Ал-ақсо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг