Исроилдан навбатдаги провокация: Хавфсизлик вазири Ал-Ақсога борди
Олам
−
03 Январь 2023
9076Туркия Исроил Миллий хавфсизлик вазирлиги раҳбари Итамар Бен-Гвирнинг Қуддуснинг Эски шаҳаридаги Маъбад тоғидаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига ташрифини провокация деб атади.
“Исроил полицияси ҳамроҳлигида Ал-Ақсо масжиди ҳудудига кирган Бен-Гвирнинг провокацион ҳаракатлари хавотир ва қоралашга сабаб бўлмоқда. Туркия Исроилни масъулиятлироқ ёндашишга ва Қуддусдаги диний обидалар мақомини бузадиган ва минтақада кескинлик кучайишига олиб келадиган бундай провокацияларнинг олдини олишга чақиради”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Шунингдек, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатлари ҳам Итамар Бен-Гвирнинг Маъбадга ташрифини қоралаб чиқди.
“Миср Қуддусдаги ҳуқуқий ва тарихий статус-квони бузадиган ҳар қандай бир томонлама чораларни рад этишини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади Миср Араб Республикаси ТИВ баёнотида.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳаракатлар босиб олинган Фаластин ҳудудлари ва бутун минтақада хавфсизлик ва барқарорлик учун салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди ва барча томонларни босиқлик ва масъулиятни намоён этишга ҳамда вазиятни кескинлаштириши мумкин бўлган ҳар қандай қадамлардан тийилишга чақирди.
“БАА Исроил вазирининг Ал-Ақсо масжидига бостириб киришини кескин қоралайди”, дейилади Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги баёнотида.
Амирлик Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ҳукуматини кескинликни камайтиришга ва минтақадаги кескинликни кучайтирувчи чоралар кўрмасликка чақирди.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ҳукуматининг тинч йўл билан тартибга солиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларига путур етказувчи ва зиёратгоҳларга оид халқаро тамойиллар ва меъёрларга зид бўлган ҳаракатларидан афсусдалигини билдирди.
Худди шундай баёнотлар Қатар ва Қувайт Ташқи ишлар вазирликлари томонидан ҳам қилинган. Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам исроиллик вазирнинг демаршини кескин қоралади ва бу ҳаракатларини яҳудий давлатининг Ал-Ақсо масжидининг тарихий ва ҳуқуқий статус-квосини ўзгартиришга уриниши деб атади.
“The Jerusalem Post” газетаси аввалроқ Исроил миллий хавфсизлик вазири бугун, 3 январь куни Маъбад тоғига кўтарилгани ҳақида хабар берган эди. Собиқ Бош вазир ва “Еш Атид” партияси раҳбари Яир Лапид Бен Гвирнинг бундай ҳаракатлари Қуддусда кескинликни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирди. Газетанинг ёзишича, сиёсатчининг Маъбад тоғига ташрифи Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан келишилган.
Итамар Бен-Гвир Маъбад тоғида 13 дақиқа бўлган. Ушбу ташриф давомида ҳеч қандай ҳодиса қайд этилмаган. Маъбад тоғига кўтарилгач, Бен Гвир шундай деган:
"Ҳукуматимиз Хамас таҳдидларига кўнмайди. Маъбад тоғи Исроил халқи учун энг муҳим жой. Биз мусулмонлар ва насронийлар учун уни зиёрат қилиш эркинлигини қўллаб-қувватлаймиз, лекин яҳудийлар ҳам тоққа чиқишади. Бизга таҳдид қилганлар темир мушт билан курашиши керак".
Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.
Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.
Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.
Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида Исроил-Фаластин можароси кескинлашиб, тўқнашувлар бошланганди. 7 май куни бошланиб, 11 кун давом этган ўзаро ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо секторида яшовчи 232 нафар араб ҳалок бўлган ва 1900 га яқини жароҳат олган. Исроилда эса 12 нафар инсон вафот этган, юзлаб одамлар яраланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь