Туркия Исроил ҳарбийларининг журналистларга тажовузини қоралади
Олам
−
16 Декабрь 2023
4828Аввалроқ, Туркиянинг "Anadolu" ахборот агентлиги фотожурналисти Мустафо Ҳаруф Исроил ҳарбийлари томонидан шафқатсизларча калтаклангани ҳақида хабар бергандик. Ижтимоий тармоқларда ҳарбийлар журналистга милтиқ билан таҳдид қилгани, сўнг ўртага олиб тепкилагани акс этган видеолар тарқалди.
Бунинг ортидан Туркия Исроил ҳарбийларининг журналистларга ҳужумларини қоралаб чиқди. Жумладан, Туркия президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун Исроил ҳарбийлари томонидан журналистларнинг ўлдирилиши ва калтакланиши тизимли равишда давом эттирилаётганини айтиб ўтди.
"Ана бугун Исроил ўз вазифасини бажараётган "Anadolu" мухбири Мустафо Ҳаруфни нишонга олди. Биз Исроилнинг журналистларга нисбатан уюштираётган ҳужумларини кескин қоралаймиз. Аскарлар томонидан шафқатсизларча калтакланган Ҳаруф шифохонага олиб кетилди. Бу эса Тель-Авивнинг оммавий ахборот воситаларининг овозини ўчириш кампаниясининг бир қисмидир. Исроил журналистларнинг воқеа жойидан дунё аҳлига асл ҳолатни ёритишига тўсқинлик қиляпти. Бу билан Исроил жамоатчиликнинг ишончли ахборот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро меъёрларни очиқчасига бузмоқда. Исроил ҳукумати (Ғазодаги) вайронагарчилик кўламини халқаро ҳамжамиятдан яшириш мақсадида журналистларни қўрқитишга уриняпти. Аммо улар бу билан Ғазода содир этаётган ҳарбий жиноятларни яшира олмайди", деган у.
Шунингдек, Туркия Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Тель-Авивдан журналистларга қарши "фашистларча" ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилган.
Маълумот ўрнида, Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси айни пайтгача камида 64 нафар журналист ҳалок бўлгани, 13 нафари жароҳатлангани, 3 нафари дараксиз йўқолгани ва 19 нафари қамалгани ҳақида маълумот берганди.