Туркий давлатлар ташкилоти Ғарб гегемонлигига қарши маданий куч – Ўғуз Гўксу
Олам
−
30 Апрель 2023
5832Туркия Президенти ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси Матбуот ва нашриёт бўлими бошлиғи Ўғуз Гўксу Туркий давлатлар ташкилоти Ғарб гегемонлигига қарши ўз маданий кучини кўрсатишини мақсад қилганини айтди. Бу ҳақда шу йилнинг 27 апрель куни Истанбулда бўлиб ўтган Туркий давлатлар шарҳловчилари симпозиумида иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Унинг айтишича, 2009 йилда ташкил этилиб, тарихи, маданияти, тили, дини ва келиб чиқиши муштарак бўлган давлатларни бирлаштирган Туркий давлатлар ташкилоти (Туркий Кенгаш) жадаллик билан институционаллашмоқда.
Бу эса Турк дунёсининг ҳокимиятга эришиш йўлидаги муҳим босқични ташкил этади.
“Дарҳақиқат, Турк дунёсининг тўрт томонида қардошларимиз мавжуд таҳдидлар билан юзма-юз келмоқда. Айниқса Сурия, Ироқ ва Шарқий Ўрта ер денгизидан туркийлик изларини ўчириш учун тизимли кампания иш олиб боряпти. Ушбу ҳужумларнинг мақсади нафақат жисмоний мавжудлигимиз, балки бизнинг номимиз ва обрў-эътиборимизни ҳам қамраб олади”, деди Гўксу.
Туркиянинг ахборот бўйича масъул ходими гапларига кўра, бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда катта.
У намуна сифатида 2009 йил 21 мартда Гаспирали Исмоилнинг “тилда, фикрда, ишда бирлик” тамоили асосида эфир фаолиятини бошлаган Туркиянинг “TRT Avaz” телеканалини кўрсатар экан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистоннинг таълим, маданият, санъат, илм-фан, болалар ва оила, тарих ва география, тил ва тафаккур мавзуидаги эшиттиришлар унинг умумий эфир мазмунини ташкил этишини айтиб ўтди.
“Бу эса Турк дунёси маданий қудратини шакллантиришда Ғарб гегемонлигига қарши ҳал қилувчи вазифани бажаради”, деди у.
Шунингдек, Ғарб гегемонлигига қарши курашишда туркий давлатлар журналистлари муҳим келишувларга эришган.
Булар:
- миллий телеканаллар ўртасида умумий трансляция тизимини ишлаб чиқиш;
- аъзо мамлакатлар маданияти ва тарихи ҳақида видеоматериаллар, фильмлар ва сериаллар ишлаб чиқариш ва улашиш;
- аъзо мамлакатлардаги оммавий эшиттириш муассасалари ўртасида ҳамкорлик протоколини тузиш;
- аъзо мамлакатлар ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш;
- оммавий ахборот воситалари соҳасида фаолият юритаётган шахслар учун алмашинув дастурлари, курслар ташкил этиш каби масалалар бўйича келишиб олинган ва уларнинг айримлари бўйича музокаралар давом этмоқда.
“Турк дунёсининг бир қанча умумий қадриятлари бор. Адабиёт, спорт, анъана ва диний эътиқодлардаги ҳамкорлигимиз сусаймаслиги керак. Биз қўшни давлатлар ва халқларнинг ўзаро ҳамкорлигини ҳозирги халқаро муносабатлар доирасида қайта кўриб чиқишга мажбурмиз. Оммавий ахборот воситалари дунёда “юмшоқ куч” деб ҳисобланади. Биз бу “юмшоқ куч” орқали ҳамкорлигимизни кучайтира олишимиз, туркий дунёга қарши кучлар ва ёлғон маълумотларга қарши курашишимиз керак. Озарбайжонда Қорабоғ муаммоси бошланганда биз оммавий ахборот воситалари томонидан яратилган барча куч ва ёлғон маълумотларга қарши курашдик. Биз дунёга барқарор ва ҳаққоний ахборотни тарқатдик, ахборот хуружларига қарши курашдик”, деди матбуот ва радиоэшиттириш бўлими бошлиғи Ўғуз Гўксу.
Унинг айтишича, бугунги кунда ахборот хуружларининг ҳам тури кўпайган. Уларга қарши курашишда эса янада бирлашмоқ лозим.
Ахборот ҳужумининг тури кўпайиб, у махсус тадқиқот марказлари томонидан тайёрланади ва ижтимоий тармоқлар, турли расмлар, фотосуратлар ва бошқа имкониятлардан кенг фойдаланилади. Туркий тилли давлатларнинг муштарак тили ва муштарак маданияти бизни бу каби ҳужумларга қарши биргаликда курашишга сафарбар этади. Қардош Озарбайжоннинг ғалабаси – бизнинг ғалабамиз эди. Биз туркий дунёга умумий қадриятлар асосида туркийзабон давлатларнинг ахборот хавфсизлигига қарши ишлай олишимиз керак. Дезинформация, киберҳужумлар миллий хавфсизликка таҳдид солади. Маданият ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари шу нуқтаи назардан Турк дунёси хавфсизлигини таъминлаш йўлида фаолият юритишлари керак”, деди у.
Маълумот учун, 27-28 апрель кунлари Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар шарҳловчилари симпозиуми Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бўйича бошқарма ташаббуси билан ташкил этилган. Унда эса Туркий Кенгашга аъзо бўлган барча мамлакатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Венгриядан жами 50 дан ошиқ ОАВ вакиллари иштирок этди.
LiveБарчаси