Туркистонда олти давлат ҳарбий машғулотлар ўтказди
Жамият
−
20 Сентябрь
4747Қозоғистон жанубидаги Туркистон вилоятида “Чексиз биродарлик-III” ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, манёврларнинг фаол босқичида олти давлатнинг махсус бўлинмалари шартли жиноий гуруҳни йўқ қилган. Унда Қозоғистон, Озарбайжон, Қатар, Покистон, Туркия ва Ўзбекистон ҳарбийлари қатнашган. Машқларни барча олтита давлат Қуролли кучлари қўмондонлиги вакиллари назорат қилиб борган. Бундан ташқари, Иордания ва Қирғизистон Қуролли кучлари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этган.
“Олти давлат ҳарбий контингентларининг бирлашган гуруҳлари олдига чегарани ёриб ўтиб, аҳоли гавжум ҳудудда бошпана топган ноқонуний қуролли тузилмани тўсиш ва йўқ қилиш вазифаси қўйилди. Жангариларнинг учувчисиз самолётлар ёрдамида қўшинларнинг қўшма гуруҳини мағлуб этишга уриниши электрон уруш орқали бартараф этилди”, дейилади Қозоғистон Мудофаа вазирлиги хабарида.
Хабарга кўра, машғулотлар давомида шартли қўмондонлик баландликларини эгаллаш учун бирлашган гуруҳнинг тактик ҳаво ҳужуми амалга оширилган. Ҳужум камикадзе дронлари ва авиация ҳаво зарбалари, шунингдек, мобил гуруҳларнинг ўқ отиши билан қўллаб-қувватланган. Маъмурий бинога бостириб кирилгандан сўнг чекинаётган душман қўшинлари дронлар ёрдамида туннелда йўқ қилинган.
Қайд этилишича, Ўрда полигонида қурол-яроғ, ҳарбий техника ва кийим-кечак намуналари кўргазмаси ҳам намойиш этилган.
“Террорчилик таҳдидларининг кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, биз ҳарбий хавфсизлик соҳасида кучларни бирлаштирмоқдамиз. Машқ давомида бошқарув органлари ва бўйсунувчи бўлинмаларнинг инқирозли вазиятларда ҳаракат қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилди. Қўшма операция ҳарбий контингентнинг изчил ва самарали ҳаракат қилишга тайёрлигини кўрсатди”, деди Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов.
Машғулотларда тўрт юз нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий хизматчилари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа мутахассислари иштирокида “Ашиқ Аспан-2024” халқаро тезкор-тактик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтган эди.