Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш бўйича машғулотлар ўтказяпти
Жамият
−
13 Сентябрь
540410-14 сентябрь кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳарбий хизматчилари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа мутахассислари иштирокида “Ашиқ Аспан-2024” халқаро тезкор-тактик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда мамлакат идораси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, машғулот дўст мамлакатларнинг ҳарбий қўмондонлик органларининг уйғунлигини оширишга, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ва воситаларидан биргаликда фойдаланиш масалаларини ишлаб чиқишга, жанговар навбатчиликнинг алоҳида ҳолатларида ҳарбий қисмларни бошқариш бўйича қўмондонлар учун амалий кўникмаларга эга бўлишга қаратилган.
Билдирилишича, машғулотларда фронт вертолётлари, армия ва ҳарбий-транспорт самолётлари, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларининг куч ва воситалари иштирок этмоқда. Машғулотлар давомида ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари Қирғизистон ва Тожикистон ҳаво кенгликларида ҳам парвоз қилмоқда. Шунингдек, Қозоғистон Қуролли Кучлари Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бош қўмондони, авиация генерал-лейтенанти Даурен Косанов бошчилигида “Ашиқ Аспан-2024” оператив-стратегик қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
“Биз бундай машғулотларни мунтазам равишда ўтказиб турамиз, улар дўст мамлакатлар ҳарбий хизматчиларига ҳаво ҳужумидан мудофаа миссияларини биргаликда бажариш, жанговар экипажларни мувофиқлаштириш, шунингдек, мамлакатларимизнинг мудофаа қобилиятини оширишда амалий тажриба орттириш имконини беради”, деди Косанов.
Машғулотнинг ўзига хос жиҳати давлат чегараси ёки ҳаво ҳудудидан фойдаланиш чегара қоидалари бузилган тақдирда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларининг жанговар экипажлари билан қўшни давлатлар – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон қўмондонлик пунктлари ва назорат пунктларининг ўзаро ҳамкорлиги тартибини ишлаб чиқиш бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий полигонида МДҲ Аксилтеррор маркази кўмагида Ҳамдўстлик ваколатли органларининг “Шарқ-Аксилтеррор – 2024” қўшма аксилтеррор машқлари ўтказилган эди.