Турк компанияси Олма-ота халқаро аеропортини сотиб олди

Олам 4311
image

Туркиянинг TAV Airports Holding холдинги Олма-ота халқаро аэропортининг юз фоиз акцияларини сотиб олди. Битим қиймати 415 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, TAV Airports’нинг консорциумдаги улуши камида 75 фоизни ташкил этади ва акцияларни топшириш барча қонуний жараёнлар тугагандан сўнг амалга оширилади.

Олма-ота аэропорти TAV Airports Holding сотиб олган 15-аэропорт бўлди.

“Қозоғистон жуғрофий ва иқтисодий жиҳатдан минтақадаги энг йирик давлатдир. Олма-ота мамлакатнинг энг катта шаҳри бўлиб, у ЯИМнинг 20 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, у Хитой, Европа ва Африкани боғлайдиган замонавий Ипак йўлининг марказидир. Шаҳар яхши салоҳиятга эга ва билимимизга асосланиб, уни тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз”, деди холдинг президенти ва бош директори Сани Шенер.

Очиқ манбаларга кўра, Олма-ота халқаро аэропортининг 100 фоиз акцияси Venus Airport Investment B.V’га тегишли.

TAV Airports Holding компанияси 1997 йилда Tepe ва Akfen компаниялар гуруҳи томонидан ташкил этилган. Асосий фаолияти Истанбулдаги Отатурк номидаги аэропорт, Эсенбога аэропортининг халқаро терминали (Анқара), Аднан Мендерес (Измир), Газипаша-Анталия, Туркиянинг Милас-Бодрум аэропортларидаги халқаро терминалларни бошқариш ҳисобланади.

Шунингдек, компания Тблиси аэропорти, Батуми аэропорти, Тунисдаги Ҳабиб Бургиба номидаги Монастир аэропорти ва Саудия Арабистонидаги Медина ва Хорватиядаги Загреб аэропортларидан фойдаланади. 2018 йилда компания 152 миллион йўловчи ва 1 миллионга яқин рейсга хизмат кўрсатди.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 121
Рейтинг: 3
t
×