Турдимов нега Самарқанд вилояти ҳокимиятидагиларни ишдан олди?
Жамият
−
12 Июль 2019
16858Кеча, 11 июль куни вилоят ҳокимлигида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонун талабларига риоя этиш, кўп йиллик дарахтларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг расмий сайтида маълум қилинишича, муҳокамада вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, соҳага масъул корхона ва ташкилотлар ҳамда дирекциялар вакиллари иштирок этишди.
Муҳокамада маданий мерос объектларида олиб борилаётган реставрация жараёнида, объектлар ҳудудини ободонлаштириш жараёнида, шунингдек, чинор, тол каби кўп йиллик дарахтларни асраш ҳамда шаҳарга ташриф буюраётган меҳмонлар ва туристларга зарурий шарт-шароит яратиш борасидаги ишларда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар танқид қилинди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида “Парк-озеро” номи билан юритиладиган дам олиш масканида “Александр” меҳмонхонаси маъмурияти ва улар жалб қилган қурувчилар томонидан кўп йиллик чинорнинг ҳеч қандай рухсатсиз кесилиши масаласи атрофлича муҳокама этилди.
Муҳокама давомида вилоят прокуратураси томонидан 3 кун муддатда Самарқанд шаҳридаги “Парк-озеро” номи билан юритиладиган дам олиш масканидаги ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиши, айбдорларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилиши ва жамоатчиликка билдирилиши маълум қилинди.
Вилоят ҳокимлиги котибият мудири Улуғбек Облоқулов ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходими Алишер Муҳаммадиевларни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида маъмурий судга мурожаат қилиниши белгиланди.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ва тизим бошқарувида қўпол хатоликларга йўл қўйганлиги учун вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғолиб Негматов эгаллаб турган вазифасига нолойиқ эканлиги, худди шундай Регистон ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш мустақил дирекцияси директори Маруфи Бехруз Рауфзода ҳам ўта қўпол хато яъни, Регистон мажмуасини таъмирлаш учун ҳеч ким билан келишмасдан, “Мардикор” жалб қилгани, ишдаги масъулиятсизлиги учун вазифасига нолойиқ эканлиги таъкидланиб, уларни эгаллаб турган лавозимидан бўшатиш тўғрисида юқори турувчи идораларга тақдимнома киритилди.
Шунингдек, ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда сансоларликка йўл қўйганлиги, боғибеғамлик, масъулиятсизлик билан ёндашганлиги учун Бибихоним мажмуаси раҳбари Гулбаҳор Оқилова тегишли кенгашдан рухсатнома олмасдан Бибихоним мажмуасида замонавий ликсан ўрнатганлиги (бугунги кунда ликсан олиб ташланиб, эски ҳолатига қайтарилди) учун расман огоҳлантирилди ҳамда вилоят музейлар бошқармаси бошлиғининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Холиқул Ражабовга “Хайфсан” интизомий чора қўлланилди.
Муҳокама якунида мазкур йўналишда хато ва камчиликларга йўл қўйилиши кечирилмаслиги, қатъий жазо чоралари кўрилиши ҳамда бу борада шикоятга ўрин йўқлиги иштирокчиларга яна бир бора уқтирилди.
LiveБарчаси