Турдимов Мустаҳкамнинг муттасил калтакланишида нега ўзини айбдор деб билади?

Интервью

Маълумки, жорий йилнинг сентябрь ойи бошларида самарқандлик 25 яшар аёл – Мустаҳкамнинг 8 йиллик турмуши давомида эри томонидан муттасил калтакланиши ва таҳқирланиб келиши ҳақидаги ҳикояси ижтимоий тармоқларда катта мунозараларни келтириб чиқарган эди. Зўравон эр хотинига, ҳатто, бир неча кунлик ишлатилган памперсни едиришдек жирканчликка ҳам қўл урган. Самарқандда бўлган бу ҳодиса нафақат вилоят, балки бутун республикада аёлларга бўлган муносабатни ўзида акс этиради. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида гапирди

Ҳоким ушбу масалада сўз очаркан, Мустаҳкам билан боғлиқ воқеаларда ўзини ҳам айбдор деб билишини айтади. 

“Мени принципим шундай: ҳоким ҳамма нарсага жавоб бериши керак. У ўзини айбдор ҳис қилмай, бу менга тааллуқли эмас деса, унинг ишга келмагани маъқул. Ҳозир ҳокимлар интернетда ҳудудидан бирор нохуш хабар чиқса, юрагини ушлаб қолишади. Aммо кўпчилик ҳоким сезмайди, билмайди деб ўйлайди.  

Мустаҳкам билан боғлиқ ҳолатни эшитгач, мени мазам бўлмай қолди. Йиғилиш ўтказиб, жиғибийрон бўлиб гапирдим, видеоси интернетга ҳам чиқиб кетди. Биз нега оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларини ташкил этдик, нега уларнинг раҳбарларига ҳоким ўринбосари деган мақомни бердик? Ҳаммаларига алоҳида хизмат автомобили, бино бердик. Маҳалла раислари ва инспекторларни уларга бўйсундириб бердик. Қани, нимага улар вазият қандайлигини билмаган?  

Синглимиз Мустаҳкам билан рўй берган вазият нафақат Самарқанд, балки бутун Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг умумий портретини ўзида шакллантиради. Мана, кеча Тошкентда ҳам эрнинг аёлига боланинг ахлатини едиргани кўрсатилди. Бошқа жойларда йўқ, деб ўйлайсизми? Бор. Демак, биз бошқачароқ ишлашимиз керак. Тизимни ўзгартириш керак”, дейди Эркинжон Турдимов.  

Турдимов сўзида давом этаркан, аёлларга қўл кўтарган ва уларни баъзан уриб, тарбиялаб туриш керак деган эркакларни иблислар деб атади. 

“Улар ғирт иблислар. Шу гапни айтган одамларнинг ўзи бир тийинга қиммат инсонлар. Aёлни урган, онасини урган деган. У ҳам она-ку ахир”, дейди ҳоким.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда самарқандлик Мустаҳкамни доимий равишда калтаклаб келган эрига нисбатан  Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу интервьюни тўлиқ QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Эркинжон Турдимов

Баҳолаганлар

443

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг