Тунислик адвокатлар Халқаро жиноий судда Исроилга қарши даъво қўзғатмоқда
Олам
−
19 Февраль
2944Тунислик бир гуруҳ адвокатлар Исроил расмийларига қарши Халқаро жиноий суд прокурорларига ариза киритди. Мурожаат Ғазо секторида уруш жиноятлари ва геноцид жиноятлари содир этилгани билан боғлиқ. Бу ҳақда Тунис миллий адвокатлар уюшмаси раҳбари Хатем Мазио маълум қилди.
Унинг айтишича, иш бугун, 19 февраль куни эрталаб Халқаро жиноий суднинг Гаагадаги бош қароргоҳига ўтказилган.
"Биз сионистик тузилманинг фаластинликларга қарши геноцид ва уруш жиноятлари учун жавобгарликка тортилишини таъминлаймиз", дейди у.
Мазионинг тушунтиришича, даъвогарларнинг мақсади геноцид ва уруш жиноятларида иштирок этган Исроил расмийларини ҳибсга олиш учун ордер ва чақирув қоғози чиқартиришдир.
Адвокатнинг сўзларига кўра, шикоятда Ғазо секторида тинч аҳолига қарши ҳарбий жиноятлар содир этилганини тасдиқловчи далиллар мавжуд.
“Ушбу маълумотномада сионистик тузилманинг аҳолини кўчириш, ҳимоясиз тинч фуқароларини очликдан ўлдириш ва халқаро конвенцияларда тақиқланган қуроллардан фойдаланиш каби кўплаб ҳаракатларига оид далиллар мавжуд”, дейди у.
Мазионинг сўзларига кўра, тунислик ҳуқуқшунослар Рим статутини Исроил расмийларига нисбатан қўллаш ва Ғазодаги тинч аҳоли ҳимоясини таъминлаш ниятида.
Бугун, 19 февраль куни Халқаро судда Исроилнинг Фаластин ҳудуди, жумладан, Шарқий Қуддусни босиб олишининг ҳуқуқий оқибатлари бўйича тингловлар бошланди.
26 февралгача давом этадиган тингловда Араб Лигаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Африка Иттифоқига аъзо бўлган 52 давлат вакиллари Исроилнинг Фаластин ҳудудини босиб олишининг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маърузалар қилади.
Олти кунлик тингловда ҳар бир давлат ва ташкилот ўттиз дақиқалик тақдимот билан ишғолнинг давлатлар ва БМТ учун оқибатларини муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 29 декабрда Жанубий Африка Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганлиги учун Исроилга қарши Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилганди. Жорий йилнинг 26 январь куни Гаагадаги Халқаро суд Исроилга нисбатан вақтинчалик чоралар кўриш қарорини эълон қилганди.
LiveБарчаси