Тундаги фожиа: Сергелидаги портлаш ҳақида нималар маълум?
Таҳлил
−
28 Сентябрь 2023
14175Тунда бўлган фожиа
Бугун, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Тунги соат 02:43 да ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига маълумот келиб тушган. 16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон ҳодиса рўй берган ҳудудга етиб борган. Орадан 8 соат ўтибгина ёнғин батамом ўчирилган. Ёнғинни ўчиришга вертолётлар ҳам жалб этилган. ФВВ ҳодиса “cамолёт қулаши оқибатида содир бўлган”и айтилган хабарларни рад этган. Омборхонада содир бўлган портлаш оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари ҳам жалб этилган.
Бир ўлим ва юздан ортиқ жабрланганлар
“Қурувчилар” даҳасида содир бўлган портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Шундан жами 24 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг Тошкент вилояти филиали, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси, 1-сонли Республика ва 1-сонли шаҳар клиник шифохоналари ҳамда 1-сонли шаҳар туғуруқхонасига ётқизилган.
Қолган 138 нафар жабрланган аҳоли вакилининг саломатлиги яхши бўлгани учун амбулатор тиббий ёрдами кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Айтиш жоизки, ушбу фожиада жабрланганлардан ташқари бир ўлим ҳолати ҳам қайд этилди.
Портлаш оқибатида 17 яшар бола ҳалок бўлди. QALAMPIR.UZ манбаси берган маълумотларга кўра, у тумандаги 305-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Аброрхўжа Аббосхўжаев бўлган.
Бола портлаш содир бўлган вақтда ўз уйида, хонанинг деразага яқин қисмида ухлаётган бўлган. Кучли зарбдан хона ичига қулаган ром ойнаси боланинг бўйнини кесиб юборган. У воқеа жойида вафот этган ва шифохонага тириклик аломатлари бўлмаган ҳолда олиб келинган.
Ҳозирда марҳумнинг уйида портлашдан кейинги чора-тадбирлар амалга оширилаётгани учун унинг тобути холасининг уйидан кўтарилгани айтилмоқда. Жаноза бугун пешин намозидан кейин ўқилган.
Портлаш зарарлари
Тунда Сергели туманида юз берган кучли портлаш оқибатида ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйдаги 592 та хонадон, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етгани аниқланган.
Шунингдек, ҳудуддаги 24 та кўп қаватли уй ва 25 та ҳовлининг фасад, ойна-ром ва том қисми зарар кўрган.
“Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонасига кўра, портлаш оқибатида ”Қурувчилар” метро бекатига ҳам шикаст етган.
“Uzbekistan Airports” эса портлаш пойтахт аэропорти фаолиятига таъсир қилмаганини билдирган.
“Воқеа пойтахт аэропорти фаолиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Тошкент халқаро аэропорти чекловларсиз одатий режимда ишламоқда”, дейилади хабарда.
Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг қайд этишича, “Inter logistics” МЧЖга қарашли омборда содир бўлган ёнғин ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда ёнғин объекти божхона иншооти сифатида талқин қилинмоқда.
“Таъкидлаш жоизки, мазкур омборнинг маълум бир қисми божхона омбори мақомига эга”, дейди Ҳусан Тангриев.
Шунингдек, Тангриевга кўра, божхона омбори тадбиркорлик субъектларининг лицензияланадиган фаолият турига киради.
Зарарлар қопланадими?
Портлаш содир бўлган жойга Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов, Бош вазир Абдулла Арипов етиб борди. Шундан сўнг, Шавкат Умрзоқов портлаш зарарлари қопланишини маълум қилди.
“Сергели туманида юз берган кучли портлаш оқибатида келиб чиққан ёнғинни тўлиқ бартараф этиш ҳамда жароҳатланганларга ёрдам бериш баробарида, ҳодиса оқибатида етказилган зарарни баҳолаш ва босқичма-босқич қоплаш юзасидан ишлар бошланди”, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.
Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ Сергелида юз берган фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди.
Жиноят иши қўзғатилди
Тунда юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
“Ҳозирда жиноят иши юзасидан тегишли идораларнинг мутахассисларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган бўлиб, ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси