Туман ҳокими ўринбосари ва ИИБ ходими ноқонуний ов уюштиргани аниқланди
Жамият 19 Октябрь 2020 22:27
11969
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Хоразм вилоятининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош Тупроққалъа туманининг чегара олди ҳудудида тунги соат 02:00 ларда 8 нафар фуқаро ноқонуний ов қилгани аниқланди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
9009-сонли Ҳарбий қисм чегарачилари билан ўтказилган Экологик назорат тадбири давомида 8 нафар фуқаро чегара олди ҳудудларида бўлиш режимини ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиб, бир дона ёввойи тўнғизни отиб ўлдирганликлари ва ов қилиш мақсадида юрганликлари аниқланган.
Ҳуқуқбузарлардан 6 та ов қуроли, 105 та ўқ-дори ва 4 та қармоқлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд идораларига тақдим этилади.
Маълумотларга кўра, овчиларнинг бири Тупроққалъа тумани ҳокимининг ўринбосари, бошқаси туман ИИБ масъул ходими бўлган.