Тўқаев Туркияга борди. У Эрдўған билан Украина масаласини муҳокама қилмоқчи
Олам
−
10 Май 2022
6225Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 10 май куни икки кунлик давлат ташрифи билан Туркия Республикасига келди. Уни Анқара шаҳридаги Эсенбоға халқаро аэропортида мамлакат вице-президенти Фуат Ўктай кутиб олди.
Аҳамиятлиси шундаки, 2019 йилда президентлик лавозимига киришган Қосим-Жомарт Тўқаев илк бор Туркияга давлат ташрифини амалга оширмоқда.
Анқарада бўлиб ўтадиган музокараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик хусусиятига эга бўлган муносабатларни ҳар томонлама кўриб чиқиш, уни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинади. Бу ҳақда Туркия Президенти девони маълум қилмоқда.
Музокараларда икки давлат ўртасида туризм, таълим, маданият ва савдо соҳаларида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Уларнинг якунлари бўйича қатор келишув ва протоколлар имзоланиши режалаштирилган.
“Давлат раҳбарлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар, жумладан, Украина инқирози юзасидан фикр алмашадилар”, дейилади ТРТ телеканали ахборотида.
Телекомпаниянинг эслатишича, бу йил Қозоғистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади.
Бунгача Туркия билан мулоқотда мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев фаол иштирок этиб келган. Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари йиғилишларида ҳам Қозоғистон номидан Нурсултон Назарбоев қатнашган. 2021 йилнинг ноябрь ойида Истанбулда ўтган саммитда эса биринчи бор Қосим-Жомарт Тўқаев кўриниш берди.
Туркия Қозоғистонда содир бўлган январь воқеаларидан кейин Назарбоевни очиқчасига қўллаб-қувватлаб чиққан ягона мамлакат бўлди. Ҳатто. Назарбоев жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган "Анталия дипломатик форуми"га ҳам таклиф қилинди ва Президент Эрдўған билан Қозоғистон байроғи остида музокаралар ўтказди.
LiveБарчаси