Тўқаев Трамп ва Путиннинг учрашувини олқишлади
Олам
−
16 Август 3946 2 дақиқа
Қозоғистон АҚШ ва Россия Президентлари – Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг Анкориждаги учрашувини Украина бўйича энг юқори даражадаги музокаралар жараёнининг бошланиши сифатида қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.
Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг фикрича, бу тарихий саммит икки мамлакат лидерларининг сиёсий ирода ва соф нияти туфайли бўлиб ўтган. Улар замонавий дунёдаги муҳим муаммолар, жумладан Украинадаги урушни тўхтатиш масаласида келишишга тайёр эканини кўрсатган.
“Улар ҳозирги даврнинг энг муҳим муаммоларига, жумладан, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга оид масалаларда ҳамкорлик қилишга ният билдирган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, кеча, 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида Трамп ва Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Тошкент вақти билан бугун, 16 август куни соат 04:25 да якунланди. Аляскада бўлиб ўтган музокаралар якунида Трамп ва Путин биргаликдаги матбуот анжуманида қатнашди.
Матбуот анжуманидан олдин Путин ва Трамп “учга-уч” форматида тахминан 2 соат 45 дақиқа давом этган музокаралар ўтказди. Трамп кўплаб масалалар бўйича келишувга эришилганини таъкидлади, бироқ Украина масаласида ҳали битим йўқлигини қайд этди. Путин эса музокараларни фойдали, деб атаб, Россия Украинага хавфсизлик бўйича ишлашга тайёрлигини билдирди. Давлат раҳбарлари журналистларнинг саволларига жавоб бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи (ЕИ) етакчилари Путин ва Трампнинг учрашувидан кейин Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этишга тайёр эканини билдирганди. Улар Киевга қурол етказиб бериш ёки Украинани ЕИ ва НАТОга интеграциялашдан воз кечиш бўйича чекловларни рад этган.