Тўқаев тан олди: Қозоғистонда пандемиянинг иккинчи тўлқини бошланган
Олам
−
08 Июль 2020
9719Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистонда аллақачон коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини бошланганини тан олди. Давлат раҳбари бугун, 8 июль куни қозоғистонликларга йўллаган мурожаатида Ҳукумат пандемиянинг иккинчи тўлқинини бартараф этиш устида ишлаётганини айтди. У сўзида давом этаркан, бугун мамлакатда коронавирусга чалинган беморлар сони кескин ошиб, 51 мингдан ортиқни ташкил этишида Соғлиқ сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбарияти ва ҳокимларни айблади.
“Пандемиянинг бошланишиданоқ биз унинг тарқалишини чеклаш учун дарҳол қатъий чораларни кўрдик. Бу кўпгина одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишимизга имкон берди. Аммо, афсуски, оммавий равишда карантин тадбирларига риоя қилмаслик, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбарияти йўл қўйган тизимли хатолар, ҳокимларнинг фаолияти сустлиги туфайли, биз пневмониянинг кескин кўпайиши билан бир қаторда коронавируснинг иккинчи тўлқини билан курашмоқдамиз”, дейди Президент.
Қозоғистон дунё бўйлаб кучайтирилган карантин чораларига қайтган биринчи мамлакат бўлди. Давлатда жорий йилнинг 5 июлидан бошлаб кучайтирилган карантин режими амал қилмоқда. Тартиб 14 кун давом этади. Президентнинг қайд этишича, бу натижа эмас, аксинча, келгуси ҳафталар пандемияга қарши курашда ҳал қилувчи бўлади.
“Давлат вазиятни барқарорлаштириш учун барча чораларни кўрмоқда. Бирламчи тиббий ёрдам кучайтирилмоқда. Уй шароитида аҳолига бир қатор тиббий хизматларни кўрсатиш учун 400 та универсал мобиль гуруҳлар ташкил этилган. Июль ойи охирига қадар уларнинг сони 3,5 мингга етказилади.
Шифохоналардаги ўринларни кўпайтириш ишлари бошланди. Мен кўрсатма берганимдан бери коронавирус билан оғриган беморлар учун ётадиган жойлар сони 70 фоизга оширилиб, 43 мингтага етказилди”, дейди Тўқаев.
Мурожаатда таъкидланишича, дори-дармонлар захирасини тўлдириш, сунъий ҳаво бериш мосламаларини сотиб олиш,тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ва бошқа шошилинч чоралар учун камида 150 миллиард тенге маблағ ажратилган. Ушбу маблағнинг сарфланиши алоҳида назорат остида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар кескин ортиб, 51 059 тага етди. Беморларнинг 16 298 нафари ёки 31,9 фоизи соғайган. Ўлим ҳолатлари эса 264 тани ташкил этмоқда.
13 июль коронавирус қурбонлари хотирасига “Миллий мотам куни” деб эълон қилинди.
LiveБарчаси