Тўқаев Мирзиёевга раҳмат айтди
Жамият
−
17 Ноябрь 3864 1 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик хати йўллади. Унда Тўқаев жорий йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида Қозоғистон делегациясига кўрсатилган илиқ меҳмондўстлик учун ўз миннатдорлигини билдирган. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Хатда мазкур ташрифнинг тарихий аҳамияти қайд этилган бўлиб, у Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқдошликни мустаҳкамлашга кучли туртки бергани таъкидланган.
Қозоғистон Президенти Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашуви ташкил этилишини ҳам юқори баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, минтақа ҳамкорлигининг барча йўналишлари бўйича мазмунли муҳокамалар, қабул қилинган муҳим қарорлар ва ҳужжатлар, шунингдек, Озарбайжоннинг тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилиши форумга стратегик аҳамиятга эга воқеа мақомини берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни Тўқаев Тошкентга ташриф буюрганди. Аэропортда уни Шавкат Мирзиёевнинг ўзи қарши олди.
Шундан сўнг, Тўқаевни Ўзбекистонда расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тўқаев ва Мирзиёев музокаралар ўтказди. Кейинроқ Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлисида иштирок этди.