Тўқаев метапневмовирус билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев метапневмовирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, жамоатчиликни ҳавотирланмасликка ва Хитой билан ҳамкорликни давом эттиришга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 6 январь куни Остонадаги Евроосиё миллий университетининг талабалар уйига ташрифи чоғида сўз очди.  

“Ҳозир барча янги инфекция ҳақида гапирмоқда. Ҳавотирга ўрин йўқ. Хитой билан ҳамкорликни янада ривожлантириш керак”, деди давлат раҳбари.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб мамлакатда метапневмовируснинг 30 ҳолати аниқланган. Уларнинг 2 нафари 14 ёшдан кичик болалар. Ушбу вирус мамлакатда бошқа кескин нафас олиш йўллари инфекциялари билан бир қаторда тарқалмоқда. Вирус асосан ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Касалликнинг асосий белгилари: йўтал, бурун оқиши, нафас қисиши, иситма, бош оғриғи. Вируснинг махсус давоси мавжуд эмас, фақат симптоматик даволаш қўлланилади. 

Маълумот учун, олдинроқ Хитой шифокорлари мамлакатда нафас олиш йўллари касалликларининг мавсумий ўсишини қайд этган. Хитой Гигиена ва соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, асосий қўзғатувчилар грипп вируси ва инсон метапневмовируси ҳисобланади. Пекин болалар шифохонаси бош шифокори Ван Цюань грипп ва метапневмовирус билан касалланиш даражаси ўсиб бораётганини, айниқса, болалар ўртасида касалланиш кўпайганини тасдиқлаган. Бу ўсиш 2024 йил декабрь ойи ўрталарида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам мазкур вирус бўйича расмий маълумот берган эди. Унга кўра, Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилмоқда. Республикада уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланган. 

Шунингдек, 2024 йил охирида Қирғизистонда ҳам метапневмовирус инфекцияси билан касалланишнинг икки ҳолати қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев метапневмовирус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг